Архив соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди
“Ўзархив” агентлиги томонидан 2026 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун моҳиятига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев қуйидагиларни маълум қилди:
-Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 11 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 2026 йил 8 августда маъқулланган.
Қонуннинг асосий мақсади - архив иши соҳасини замонавий талабларга мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳага рақамли технологияларни кенг татбиқ этишдан иборат.
Қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги қонунга бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Архив иши соҳасидаги янгиликлардан бири шуки, тушунчалар аниқлаштирилди. Қонунга бир қатор янги тушунчалар киритилди.
Жумладан, архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахс бўлмаган алоҳида бўлинма сифатида белгиланди. Архив ҳужжатининг электрон нусхаси - асл нусхани рақамлаштириш орқали ундаги ахборотни ўқиш ёки кўриш имконини берувчи кўчирма нусха деб таърифланди. Электрон архив - архив иши фаолиятини электрон шаклда амалга оширишга қаратилган техник воситалар тизими сифатида киритилди.
Шунингдек, қонун билан Адлия вазирлигининг ваколатлари белгиланди. Қонунга киритилган янги 6¹-модда билан архив иши соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Адлия вазирлигининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди.
Жумладан, вазирлик соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси тартибини белгилайди. Давлат архивларига пулли хизматлар кўрсатиш тартибини тасдиқлайди ҳамда ҳужжатларнинг сақлаш муддатлари кўрсатилган намунавий рўйхатини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, "Ўзарxив" агентлигида эса ушбу соҳада вазирликка амалий жиҳатдан кўмаклашувчи орган сифатидаги роли сақланиб қолмоқда.
Қонунга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарда, шу жумладан амалий эҳтиёж мавжуд бўлса уларга бевосита бўйсунадиган алоҳида бўлинмалар ва филиалларда ҳам, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда идоравий архивлар мажбурий тарзда ташкил этилади. Нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун эса бу ихтиёрий тартибда амалга оширилади.
Нодавлат архивлар ва электрон архивлар ташкил этиш тартибининг қонуний асослари белгилаб берилди. Қонун билан "Архив иши тўғрисида"ги қонунга янги 19¹ ва 19²-моддалар киритилди.
Нодавлат архивлар - Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмидаги ҳужжатларни жамлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун ташкил этилиши мумкин. Улар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тузилиши мумкин эмас, лекин рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан ваколатли органни хабардор қилиш тартибида фаолият юритади.
“Электрон архив" тушунчаси қонун билан биринчи марта меъёрий даражада мустаҳкамланиб, соҳага янги имкониятларни очиб бермоқда.
Таъриф жиҳатидан. Энди электрон архив – “архивнинг ва идоравий архивнинг архив иши фаолиятини электрон шаклда амалга оширишга қаратилган техник воситалар тизими” сифатида қонуний мақомга эга бўлди. Шунингдек, “архив ҳужжатининг электрон нусхаси” тушунчаси ҳам киритилиб, рақамлаштирилган ҳужжат асл нусха билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлиши мумкинлиги белгиланди.
Амалий имкониятлар жиҳатидан. Қонун (19²-модда) электрон архивга нисбатан аниқ талаблар ва шу орқали қатор имкониятларни яратди.
Хусусан, ҳужжатларни қоғоз шаклда эмас, электрон тарзда жамлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш, архив ҳужжатларини тезкор қидириш, бошқариш ва улардан масофадан туриб фойдаланиш, рақамлаштирилган ҳужжатнинг асл ҳужжат билан бир хиллигини (аутентиклигини) техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига жавоб берадиган тизим орқали ҳужжатларни ишончли сақлаш мумкин.
Тизимли жиҳатдан эса бу тушунча Ягона миллий архив ахборот тизими (5¹-боб) билан узвий боғланган давлат органлари ва ташкилотлари ўз электрон архивларини мазкур ягона тизимга интеграция қилиши шарт бўлиб, натижада ҳужжат айланмаси марказлаштирилган, тезкор ва фуқаролар учун қулай электрон хизматлар кўринишига ўтиши имконини беради.
Қонунга киритилган янги 5¹-боб доирасида “Ягона миллий архив ахборот тизими” тушунчаси ва унинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилди.
Ушбу тизим “Ўзарxив” агентлигига тегишли бўлади ва бошқа идоралар фойдаланишини таъминлайди. Давлат органлари, ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўз электрон архив тизимларини унга интеграция қилишини мажбурий қилиб қўяди (давлат сирларини ташкил этувчи ҳужжатлар бундан мустасно).
Тизим орқали алмашилаётган ахборот қонунчиликка мувофиқ расмий ҳужжат сифатида тан олинади. Шунингдек, ҳужжатларни сақлаш муддатлари аниқлаштирилди.
Қонун билан турли тоифадаги архив ҳужжатларини идоравий архивларда сақлаш муддатларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, махфий ҳужжатлар - 30 йил, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар (2019 йил 1 январгача шаклланган) - 75 йил, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар (2019 йил 1 январдан кейин шаклланган) -50 йил этиб белгиланди.
Қонун билан фуқаролар учун имтиёзлар белгилаб берилган. Яъни, қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган архив маълумотномалари, шунингдек давлат органларига берилаётган архив маълумотномалари ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари “бепул” асосда берилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА