Ҳуқуқшунослар учун халқаро семинар-тренинг ташкил этилди (+видео)
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Жаҳон савдо ташкилоти ҳуқуқи доирасида " яшил " иқтисодиёт, энергетика ва инвестиция ҳуқуқи” мавзусида халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Бугунги глобал иқтисодий жараёнларда халқаро савдо, инвестициялар, энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳуқуқшунослар олдига халқаро савдо қоидаларини чуқур билиш ва миллий қонунчиликни янги талабларга мослаштириш бўйича муҳим вазифаларни қўймоқда.
Семинар-тренингнинг илк сессиясида Жаҳон савдо ташкилоти ҳуқуқининг асосий тамойиллари ва Ўзбекистон учун аҳамияти муҳокама қилиниб, Савдо ва тарифлар бўйича бош келишув, Хизматлар савдоси бўйича бош келишув, Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги келишув, энг қулай шартлар режими, миллий режим ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Яшил иқтисодиёт ва Жаҳон савдо ташкилоти ҳуқуқи йўналишида эса савдо ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ўртасидаги мувозанат, экологик талаблар, субсидиялар, экологик чекловлар ҳамда “яшил протекционизм” масалалари таҳлил қилинди.
Энергетика ҳуқуқи ва халқаро савдо мавзусида энергетика ресурслари, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия субсидиялари, савдо чекловлари ва карбон солиқларининг халқаро савдога таъсири кўриб чиқилди.
Семинар-тренингнинг яна бир муҳим йўналиши инвестиция ҳуқуқи ва Жаҳон савдо ташкилотига бағишланди. Хусусан, хорижий инвестицияларни тартибга солиш, инвестор ва давлат ўртасидаги низолар, Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги келишув ҳамда миллий қонунчиликни халқаро талаблар билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Хорижий экспертлар иштирокидаги тренингнинг асосий амалий аҳамияти — ҳуқуқшуносларга халқаро савдо ва инвестиция муносабатларида юзага келадиган замонавий ҳуқуқий масалаларни халқаро тажриба асосида баҳолаш, Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини амалий вазиятларда қўллаш ва миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича билим ва кўникмаларни ривожлантириш имконини беришдан иборат.
Халқаро семинар-тренинг Германиянинг “Konrad Adenauer” номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир якунида иштирокчилар билан савол-жавоб ва кейслар таҳлили ўтказилиб, семинар-тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди. Замонавий ҳуқуқшунос учун халқаро савдо қоидаларини билиш — нафақат назарий билим, балки иқтисодий жараёнларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри баҳолаш имкониятидир.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов, ЎзА