Маҳалла тараққиёти — жамият фаровонлиги гарови
Гулистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббуси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида муҳим маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш, аҳоли онгига миллий қадриятлар ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур сингдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш — тараққиёт ҳамда фаровонлик гаровидир” номли тавсиялар қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур қўлланма Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар, шунингдек, буюк алломалар меросидаги ибратли фикрлар асосида тайёрланган бўлиб, ундан маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот ишларини самарали ташкил этишда фойдаланиш кўзда тутилган.
Тақдимот билан бир қаторда фотодизайнлардан иборат кўргазмали семинар ҳам ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоят, туман ҳамда шаҳарларда маҳаллаларни безаш, ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини оширишга қаратилган кўргазмали материаллар намойиш этилди. Фотодизайнларда “Табиатни асраш инсонни, Ватанни асраш демакдир”, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, “Ёшлар — Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс бунёдкорлари” каби долзарб ғоялар ўз ифодасини топгани билан аҳамиятли бўлди.
[gallery-28876]
Тадбир аввалида маҳаллалар тизимида фаолият юритаётган раислар ва “еттилик” аъзолари учун мўлжалланган кўргазма намойиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда тарғибот ишларини замонавий дизайн ва визуал ечимлар асосида ташкил этиш, уларни аҳоли онгига таъсирчан етказиш бўйича илғор ёндашувлар намоён этилди.
Шундан сўнг университетнинг мажлислар залида иштирокчилар ва талаба-ёшлар учун маънавий-маърифий семинар бўлиб ўтди. Семинарда мавзуга оид видеоролик намойиш қилиниб, унда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳалла институтини ривожлантириш ҳамда жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалалари ёритилди.
Тадбирда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқарув раиси Исфандиёр Латипов, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари котибияти мудири Умид Абдуллаев, Гулистон давлат университети проректори, профессор Фазлиддин Шарипов, шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лазиз Аҳмедовлар сўзга чиқиб, соҳадаги устувор вазифалар ҳақида тўхталди.
– Бугунги тадбирнинг аҳамияти шундаки, у маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштириш ва аҳоли, айниқса, ёшлар онгига миллий қадриятларни чуқур сингдиришга хизмат қилади. Айниқса, фотодизайнлар орқали тарғибот ишларини ташкил этиш замонавий ва таъсирчан усул сифатида эътиборга лойиқ. Бундай ёндашув аҳолига зарур ғоя ва тушунчаларни содда, равон ва кўргазмали шаклда етказиш имконини беради. Энг муҳими, бу каби тадбирлар орқали маҳаллаларда фуқаролар фаоллиги ошади, жамиятда ҳамжиҳатлик ва масъулият ҳисси янада мустаҳкамланади, – деди тадбирда сўзга чиққан Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов.
Таъкидланганидек, бундай амалий семинарлар жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА