Техник тартибга солиш тизими тубдан янгиланмоқда
Мамлакатимизда маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, тадбиркорлар фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини кучайтириш мақсадида техник тартибга солиш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони соҳани тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат асосида тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янги имкониятлар яратилди, ортиқча маъмурий тўсиқлар қисқартирилди.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий, экспорт бозорларида талаб этиладиган стандартлар асосида мувофиқликни баҳолашга рухсат берилди. Шу билан бирга, соҳада давлат рақобати чекланиб, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чоралари кўрилди. 36 та давлат ташкилотида сифат менежери лавозими жорий этилди ҳамда “Сифат бўйича кўмакчи” электрон платформаси ишга туширилди. Мутахассислар тайёрлаш тизими эркинлаштирилиб, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш имкониятлари кенгайтирилди.
2026 йил 1 майдан стандартлар мажбурийлиги босқичма-босқич бекор қилиниб, ихтиёрий тартибга ўтказилади. Шунингдек, халқаро стандартларни тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти жорий этилади. Бу эса ишлаб чиқарувчилар учун ортиқча талабларни камайтириш ва маҳсулотларнинг халқаро бозорларга чиқишини осонлаштиришга хизмат қилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб “Миллий мувофиқлик белгиси” — Conformity Uzbekistan жорий этилади. Шу билан бирга, мувофиқликни баҳолаш тизими хавф-хатарга асосланган тартибга ўтказилади. Сунъий интеллект орқали стандартларнинг саноатга таъсирини баҳолаш тизими ишга туширилиши режалаштирилган. Метрология соҳасида эса қиёслашдан калибрлаш ва верификация тизимига босқичма-босқич ўтилади.
Қўшимча чора-тадбирлар доирасида 2026–2028 йилларда 7 минг 865 та халқаро стандарт қабул қилиниши режалаштирилган. Мажбурий сертификатлаш босқичма-босқич бекор қилиниб, декларациялаш тизимига ўтказилмоқда. Шунингдек, бозор назорати халқаро талаблар асосида қайта ташкил этилмоқда.

Соҳада рақамлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими — tris.uz орқали стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш ва аккредитация жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Бу орқали қоғоз ҳужжатлардан воз кечилиб, хизматлар тезкор ва шаффоф шаклда кўрсатилмоқда.
Шунингдек, корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон платформалар ишга туширилиб, минглаб тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажми ҳам сезиларли даражада ошгани қайд этилмоқда.

Умуман, техник тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар мамлакатимизда сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА