Илмли аёл – жамият таянчи
Андижон вилояти Марҳамат туманида “Илмли аёл – кучли жамият” мавзусида хотин-қизлар таълим форуми бўлиб ўтди.
Туман оила ва хотин-қизлар, Мактабгача ва мактаб таълими, ички ишлар бўлимлари мутасаддилари, умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, психологлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўқиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
– Форумнинг асосий мақсади илм йўлида муваффақиятга эришишга интилаётган фаол, иқтидорли қиз ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, – дейди Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ҳафизахон Мамаризаева. – Қолаверса, опа-сингилларимизнинг таълим олиши, касбий кўникмаларини ривожлантириш, ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашишдир.


Форум давомида бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиш механизмлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, ёш қизларни илм-фанга жалб этиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали олиб бориш юзасидан таклиф, фикр-мулоҳаза ва ташаббуслар илгари сурилди.
Форум якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, хотин-қизларнинг таълим олиши ва жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш бўйича келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири