Икки қардош халқнинг адабий дўстлиги
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг туркий халқлар билан адабий-маърифий алоқалари янги ривожланиш босқичига чиқди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Вақт ҳайкали” китоби тақдимоти муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар Озарбайжон Республикасида бўлиб қайтгани бунинг яна бир ёрқин намунасидир.
Адабий ташриф давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, уюшма аъзоси, адабиётшунос Шаҳло Ҳожиева ва бошқалар қатнашди.

Мазкур ижодий сафар икки халқ адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, маданий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий адабиёт намуналари билан ўзаро танишишга хизмат қилди.
Сафарнинг биринчи куни меҳмонлар Ганжа шаҳрида бўлиб, буюк мутафаккир ва шоир Низомий Ганжавийнинг муқаддас қадамжоси – қабрини зиёрат қилди. Шоир хотирасига эҳтиром билдирилиб, унинг бой адабий мероси ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди.

Шунингдек, делегация Мир Жалол Пашаевнинг уй-музейига бориб, адибнинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишди. Сўнг Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг Ганжа филиалида бўлиб, маҳаллий ижодкорлар билан самимий мулоқот ўтказилди, адабиётнинг бугунги жараёнлари ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф доирасида Нигор Рафибейли ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, шоир хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Мазкур ижодий сафар икки қардош халқ ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб, янги ҳамкорлик йўналишлари учун замин яратди.

Боку шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Вақт ҳайкали” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида дастлаб меҳмонлар Озарбайжон Республикасининг Биринчи Президенти Ҳайдар Алиев қабрини ҳамда “Шаҳидлар хиёбони”ни зиёрат қилди. Бу ташриф икки қардош халқ ўртасидаги ҳурмат ва эътироф рамзи сифатида баҳоланди.
Шундан сўнг Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг “Натаван” клубида китобнинг тақдимот маросими ўтказилди. Уни Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар очиб берди. Сўнг Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ушбу тадбирни ташкил этгани учун ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Жаваншир Фейзиев, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Озарбайжон халқ ёзувчиси Чингиз Абдуллаев, таржимонлар Яшар Қосим ва Акиф Азалп, филология фанлари доктори, профессор Алмаз Улви Биннатова, шунингдек шоир Илғор Турк ўғли ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид иштирок этиб, “Вақт ҳайкали” китоби ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Нотиқлар асарнинг бадиий қиммати, фалсафий мазмуни ва инсон ҳамда вақт муносабатини теран ёритганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, китоб Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тақдимот маросимида таниқли ёзувчи-публицист, “Озарбайжоним” халқаро журнали бош муҳаррири, Халқаро фанлар академияси академиги Эмил Насирли “Озарбайжоннинг дўсти” олтин орденини ҳамда журналнинг фахрий аъзолик сертификатини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга топширди.
Эмил Насирлининг таъкидлашича, “Озарбайжоним” халқаро журнали таҳририят кенгаши Сирожиддин Саййидни Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун ушбу мукофотга муносиб деб топган ва уни бир овоздан журналнинг фахрий аъзоси сифатида қабул қилган.
Н.Усмонова,
ЎзА