Ҳозирги пайтда маънавияту ижод соҳасида нима гаплар, бугунги нашриётлар қай аҳволда?
Кейинги йилларда мамлакатимизда бадиий ижод, китоб нашр этиш, маънавий-маърифий ишларга эътибор олдинги йиллардагига қараганда анча яхшиланди. Ўзбекистон Президентининг шу хусусдаги бир нечта фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Жонажон юртимизда бу борада бирмунча ижобий ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш, бундан беҳад қувониш керак.
Яқинда мухбиримиз таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳром Рўзимуҳаммад билан ижод, китоб савдоси, нашриётлар аҳволи, шу билан бирга айрим муаммолар ҳақида гурунглашди.
Қуйида суҳбат мазмуни билан танишасиз.
–Бугунги кундаги китоб савдоси талаб даражасидами?
– Ўтмишда маънавиятни “адаб” деганлар. Совет даврида шўро мафкурачилари шеъриятдан, умуман адабиётдан халқни коммунизмдек хом хаёлга ишонтиришда восита сифатида фойдаландилар. Ишонмаганларни қўрқитдилар.
Бугунги даврда давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс, яъни жадидлар Ренессансининг давомини эълон қилди. Бунинг негизида маънавият туради. Афсуски, ҳали адаб оғиздан кўнгилга кўчмаяпти. Гап кўпу амал оз. Далил сифатида китоб тарғиботи масаласини айтмоқчиман. Ўзбек адабиёти даража жабҳасида жаҳоннинг ҳеч бир адабиётидан кам эмас. Аммо тарғибот суст.
Шунга бир мисол айтмоқчиман. Яқин икки-уч йил ичида ўзбек шеъриятидан намуналар жамланган тўртта антология Москвада чоп этилди. Уч жилди Тошкентга келди. “Дўрмон” ижод уйи кутубхонасида “Замонавий ўзбек шеърияти” (Эркин Воҳидовдан бугунги кунга қадар) антологиясини кўрдим. Уч антологияни кўрсангиз оғзингиз ҳайратдан ланг очилади. Бироқ, тўртинчи антология - “МДҲ давлатлари замонавий шеърияти” ҳамда “МДҲ давлатлари замонавий насри” Ўзбекистонга келтирилгани йўқ. Бу нимани билдиради? Гапнинг очиғини айтганда, бизда ягона тизимли китоб савдоси ташкилоти ҳали шаклланмаган. Ишлаб турганларининг номи бор, холос. Агарда ягона тизимли китоб савдоси ташкилоти тўла ишласа, мактаб кутубхоналари китоб билан лиқ тўлар эди. Афсуски пойтахтдан олисдаги қишлоқ мактабларига китоб бормайди. Ўқувчилар нимани ўқишни билмай, гарангсиб юрадилар. Мен ўн беш ёшимда Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Азим Суюн, Абдусаид Кўчимов, Турсун Али каби шоирларни ғойибона таниганман. Чунки мактаб кутубхонасидан уларнинг туркум шеърлари ўрин олган “Ёшлик баёзи”ни ва бошқа китобларни олиб, катта қизиқиш билан ўқиб чиққанман.
– Сиз бош муҳаррир бўлиб ишлагансиз. Бугунги кундаги нашриётларда аҳвол қандай? Нималардан кўнглингиз тўлмаётир?
– Илгари нафақат Ўзбекистон, балки Туркманистоннинг Тошовуз туман дўконларида ҳам ўзбекча китоблар қаторлашиб турар эди. Ҳозир эса ундай эмас. Тошкент нашриётларида чиққан китоблар пойтахтнинг ўзидан нарига бормасдан тўпланиб қолаверади.
Пойтахт, вилоятларда, ҳатто туманларда ўнлаб нашриётлар бор. Аммо улар фақат китоб нашр этиб, дарров муаллифларнинг ўзига топширади, холос. Маҳсулотининг кейинги тақдири нима бўлгани билан ноширларнинг иши йўқ. Ўзимдан бир мисол. Хоразмга қайтиб, 2017-2019 йил мобайнида “Қувончбек Машҳура” МЧЖ нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Икки йилда юз номдан зиёдроқ китоб чиқардик. Бироқ биронта китоб дўконга чиқарилгани йўқ. Юз, икки юз нусхада босилади, сўнг муаллифига берилади.
Хулоса шуки, бугунги кунда китоб савдосини яхши йўлга қўйиш керак, пойтахтдаги ва ҳатто вилоятлардаги ўнлаб нашриётлар фаолиятини ҳам мувофиқлаштириш борасида амалий ишлар қилиш зарур.
-Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири