Фарғона аҳли ва меҳмонларни хурсанд қилган катта байрам кечаси
Марғилон шаҳрида барпо этилган “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг тантанали очилиш маросими юртимиз маънавий ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бири сифатида тарихга муҳрланди.
Ушбу қутлуғ тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизга самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

Дарҳақиқат, меҳнаткаш, оқкўнгил ва олижаноб Фарғона аҳлига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида бу заминда бугун катта-катта ишлар амалга ошириляпти.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мазкур мажмуа нафақат Марғилон шаҳри, балки бутун Фарғона водийси учун маънавий-маърифий марказга айланишини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда барпо этилаётган бундай мажмуалар халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Тантанали маросим юқори савияда ташкил этилган концерт дастури билан давом этгани барчани хушнуд этди. Фольклор-этнографик жамоалар, санъаткорлар ва истеъдодли ижрочилар томонидан тақдим этилган чиқишлар тадбирга шукуҳ бағишлади. Айниқса, юртимизнинг турли ҳудудларига хос сурхонча, бухороча ва қорақалпоқча каби рақслар маданий хилма-хилликни яққол намоён этди.
Концертга ташриф буюрган юртдошларимиз қалбида шодлик, фахр ва бирлик туйғулари янада мустаҳкамланди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг юзларидаги қувонч ва кўнгилларидаги кўтаринки кайфият мазкур маданий дастурнинг юксак савияда ташкил этилганини кўрсатди. Марғилон аҳли, турли вилоятлардан келган меҳмонлар ва сайёҳлар билан биргаликда миллий анъаналаримиз руҳида рақсга тушдилар.
Кеча якунида осмонни ёритган салютлар ушбу тарихий оннинг янада ёрқин рамзига айланди. Марғилон шаҳри бу оқшом нафақат янги мажмуа очилиши, балки халқимизнинг юксак маданияти, бирдамлиги ва ҳаётсеварлигини намоён этган унутилмас байрамга гувоҳ бўлди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбирлари