ИИВ: огоҳ бўлинг, фирибгарлар фаоллашмоқда
Кейинги вақтларда айрим шахслар ўзини ички ишлар органлари ходими ёки тизимга алоқадор, деб таништириб, фуқароларга “пул эвазига ишингизни ҳал қилиб берамиз” каби ноқонуний таклифларни билдирмоқда.
Бу жорий йил март ойида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланган.
2026 йил 17 март куни фуқаро М.А. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари орқали чиройли комбинацияли давлат рақам белгиларини олиб беришни айтиб, бир фуқародан алдов йўли билан 1,8 минг доллар олган вақтда ушланган.
2026 йил 24 март куни фуқаро М.Л. гўёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида танишлари борлигини айтиб, йўл транспорт ҳодисаси юзасидан жавобгар қилмаслик ва автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига бир кишидан 6 миллион сўм олган вақтда ушланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Фуқаро А.А жорий йилнинг 21 март куни фуқаро А.Т.га қўнғироқ қилиб, ўзини Фарғона вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходими, деб таништириб, унинг устидан ариза тушганини айтиб, ишни ижобий ҳал қилиш эвазига 2,5 миллион сўм пулни пластик картасига ўтказиб олгани аниқланган.
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, юқорида кўрсатилган шахслар ички ишлар органларига ҳеч қандай алоқадор эмас. Улар фуқароларни чалғитиш орқали моддий манфаат орттиришга уринаётгани, яъни ходимлар номини сотиш орқали ички ишлар органлари шаъни ва обрўсига путур етказаётгани аниқланди.
Мазкур шахсларнинг бундай хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади ва қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши муқаррар.
ИИВ шу каби ҳолатларга дуч келганда “1102” ишонч телефони ёки Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг (71) 231-31-74 рақамли телефонига мурожаат қилишни сўради. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА