Рақамлаштириш — шаффофлик ва самарадорлик омили
Сув хўжалиги соҳасида самарадорлик ва натижадорликка эришишнинг бирдан-бир йўли – бу рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик ва аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
Ўтган тўрт йил давомида соҳага юқори технологиялар жорий этилиб, бугунги кунда 13 минг 174 та cув хўжалиги объектларида “Ақлли сув”, 10 минг 983 та мелиоратив кузатув қудуқларида “Дайвер” ва 1 минг 749 та Насос станцияларида “Сув сарфини онлайн назорат қилиш” қурилмалари ишлаб турибди ҳамда 100 та йирик сув хўжалиги объектлари автоматлаштирилди.
2025 йилда Президентимизнинг “Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ташкил этилди. Шунингдек, “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишга туширилди. Бу эса 10 та турли ахборот тизимларини бирлаштириб, маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини бермоқда.

Сув ресурслари танқислиги шароитида энг самарали ечимлардан бири бу сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобланади. Ушбу технологиялар орқали сув сарфини кескин камайтириш, уни аниқ ва мақсадли тақсимлаш, шунингдек, суғориш жараёнидаги йўқотишларни минимал даражага тушириш имкони мавжуд.
Айни пайтда, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби усуллар нафақат сувни тежаш, балки ер унумдорлигини ошириш, ҳосил сифати ва миқдорини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади. Мутахассислар фикрига кўра, бундай технологияларни кенг жорий этиш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини бир неча баробар ошириш ва қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин.

“Ўзбекистон-2030” стратегияси ижросига мувофиқ ўтган йиллар давомида амалга оширилаётган ишлар натижасида республикамиз бўйича жами 2,6 миллион гектар майдон (умумий суғориладиган ерларнинг 60 фоизи) сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди. Жумладан, 664,3 минг гектарда томчилатиб, 121,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 123 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 1,6 млн гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Биргина 2025 йилнинг ўзида жами 886,6 минг гектар (режага нисбатан 177 фоиз) майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 103,7 минг гектарда томчилатиб суғориш, 29,4 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 13,9 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий қилинди ҳамда 74,5 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 49,5 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 613,7 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди.
Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 2,5 миллиард куб метр сув иқтисод қилишга эришилди. Таҳлилларга кўра, ушбу ишлар сув ресурсларини 45-50 фоиз, ёқилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни 25-35 фоиз ва бошқа механизация хизматлари харажатларини иқтисод қилиш билан бирга ҳосилдорликни 15-20 фоизгача оширмоқда.

Мисол учун, Косон туманидаги “Косон” ва “Асл Нажим”, Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Фориш йуллари” фермер хўжаликлари пахтани томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига гектарига ўртача 80-85 центнер ҳосил олган (аввал ушбу майдонлардан 25-30 центнер ҳосил олинган).
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2026 — 2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш ҳамда бунинг ҳисобига ҳар йили 5 миллиард куб метр сув ресурсларини тежаш кўзда тутилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида 2026 йилда 503 минг гектар суғориладиган ер майдонларида, шундан 107 минг гектарда томчилатиб, 34 минг гектарда ёмғирлатиб ва 25 минг гектар майдонда дискрет, шунингдек, 97 минг гектар майдонда бошқа турдаги сув тежовчи технологиялар жорий қилинади. Бундан ташқари, 240 минг га қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.
Бунинг учун тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредит маблағларини ажратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 миллиард сўм субсидия маблағларини йўналтириш белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президент ташаббуслари, «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида белгиланган вазифалар ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш орқали мамлакат сув хўжалиги тизими янги босқичга кўтарилмоқда.
Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
ЎзА