“Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (+видео)
Очилиш маросимида икки давлатнинг расмий вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бизнес доиралари вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Хусусан, Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги қарийб 120 нафар ишбилармонлар делегацияси кўргазманинг асосий иштирокчилари сифатида қатнашди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мазкур кўргазма икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Қайд этилганидек, бундай платформалар тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ишончли ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, 2025 йил якунига келиб икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1,68 млрд АҚШ долларига етган. Жумладан, Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти 1,53 млрд доллар, импорт ҳажми эса 145 млн доллардан зиёдни ташкил этган. Бу эса ўзаро савдо айланмаси ўтган даврга нисбатан 50 фоизга ошганини кўрсатади. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда афғон капитали иштирокида 600 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Кўргазма доирасида Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган турли йўналишлардаги маҳсулотлар — озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, заргарлик буюмлари, гиламлар ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Бу эса ташриф буюрувчиларга афғон ишлаб чиқарувчиларининг салоҳияти ва экспорт имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UlZ5hijjpHw" title="“Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов, Ойбек Давронов, Искандар Исматов (видео), ЎзА