Ичимлик суви таъминоти қамрови кенгаймоқда
Сув – бебаҳо неъмат. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аҳолини сифатли ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Оби ҳаёт манбаининг нечоғлик ҳаётий заруратлигини 87 фоиз марказлашган ичимлик суви билан қамраб олинган уч миллиондан ортиқ Наманган вилояти аҳолиси мисолида кўриш мумкин.
Бугунги кунда “Намангансувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда унинг шаҳар ва туман филиаллари томонидан вилоятдаги 754 маҳалладан 595 тасига хизмат кўрсатилиб, истеъмолчиларга ичимлик суви узлуксиз етказилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда айни вақтда 377 мингдан ортиқ истеъмолчилар бўлиб, шундан 369 545 таси хонадонлар ва 7 минг 500 га яқини юридик ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўтган йилнинг ўзида 362 минг 400 дан ортиқ мижоз сув ҳисоблагич билан таъминланиб, бу борадаги режа 96,1 фоизни ташкил этди. Ичимлик ва оқава сув тармоқлари ҳамда иншоотларининг ҳолати ҳам жамиятнинг доимий диққат марказидаги масалалардан биридир. Ўтган 2025 йил давомида 633 ичимлик сув олиш иншоотидан 72 таси таъмирланиб, уларнинг лойиҳавий қуввати суткасига 693 минг метр куб бўлса, амалий қуввати 569,2 минг метр кубни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги тегишли қарори ҳамда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг 2025 йил 28 августдаги буйруғига мувофиқ, “Намангансувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан ўтган куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиб, махсус штаб фаолияти йўлга қўйилгани натижасида таъминот мир маромда бўлиши тўлақонли таъминланди.
Мавсум давомида ичимлик ва оқава сув тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. Бунинг учун шаҳар ва туманлардаги 24 бригада таркибида бир сменада 76 нафар ишчи-ходим ва 70 махсус транспорт воситаси хизматда бўлди. Жамиятнинг ички имкониятлари ҳисобидан ичимлик суви тармоқларини мукаммал таъмирлаш бўйича режада белгиланган 12,8 километр ўрнига 15,9 километр тармоқ таъмирланди.

– Ичимлик суви тизимларида носозликлар юзага келган ҳолларда ҳамда ёғингарчиликлар пайтида истеъмолчиларни, биринчи галда аҳоли хонадонларини узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида жамиятимиз тасарруфидаги 17 махсус сув ташиш техникаси доимий шай ҳолда хизмат кўрсатмоқда. Бунга қўшимча равишда, вилоятимиз ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган 63 сув ташиш техникаси мавжуд. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жамиятимизга махсус машина ва механизмлар харид қилиш учун ўтган йили бюджетдан 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди “Намангансувтаъминот” акциядорлик жамияти директори Мухтор Ҳожиев.
Республика бюджетидан 164 миллиард сўм ва 62,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан 328,83 километр ичимлик ҳамда 4 километр оқава сув тармоқлари қурилиб, саккизта сув иншооти реконструкция қилинди. Бунинг натижасида 59,2 минг аҳоли илк бора оби-ҳаётдан баҳраманд бўла бошлади. Ҳудудларда 75,3 минг аҳоли учун сув таъминоти яхшиланди. Қолаверса, жамият томонидан халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ва самарали давом этмоқда.

Жаҳон банки, “OPEC” жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳалари доирасида юқори қувватли сув олиш иншоотлари ва сув тармоқлари барпо этилмоқда. Шунингдек, насос станциялари янгиланиб, скада тизими жорий этилмоқда. Масалан, “Янгиқўрғон туманининг Заркент, Хожикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида 53,96 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари жалб этилади. Шундан 2023-2024 йилда 17,59 миллион доллар, ўтган йилнинг ўтган ўн ойида эса 7,54 миллион доллар миқдоридаги маблағ сарфланди.
Лойиҳа доирасида 12 та лот бўйича қуввати 51,4 минг метр куб/сутка бўлган “Заркент” ва “Булоқбоши” сув олиш иншоотлари, бешта сув тақсимлаш иншооти, 568,9 километр магистраль ва ички сув тармоқлари қурилмоқда. Хусусан, ўтган даврда 571 километр тармоқ тортилди, 10 та сув қудуғи бурғиланди, 11 мингдан ортиқ хонадонларга сув ҳисоблагичлар ўрнатилди, бешта сув тақсимлаш иншоотида тоза сув сақлаш ҳовузлари барпо қилинди.
Қолаверса, иқтисод қилинган 25,6 миллион доллар маблағ ҳисобидан “Жийдакапа” сув олиш иншоотидан “Ровустон” сув тақсимлаш иншоотигача 33 километр узунликдаги магистраль сув қувури тортиш, “Ровустон” сув иншоотида қўшимча тўртта насос агрегати ўрнатиш, Уйчи туманидаги “Уйчи” сув олиш иншооти ва 5,5 километр магистраль сув қувурларини қайта реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда 5,5 мВт қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари “Наманган вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 60 миллион доллар жалб этиш кўзда тутилгани ҳолда, сўнгги уч йилда 32 миллион долларга яқин маблағ йўналтирилиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Наманган шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи учта сув олиш, ўнта сув тақсимлаш иншоотини реконструкция ва модернизация қилиш, 41 километр ичимлик сув қувурларини реконструкция қилиш ҳамда Поп тумани оқава сувларни тозалаш иншооти тўлиқ реконструкция қилинади.
Норин тумани Шўрариқ, ҳозирги Янги Наманган маҳалласи инфратузилмасини янгилаш, аҳолига муносиб шароит яратиш ва коммуникация тизимларини модернизация қилиш бўйича “Намангансувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан ушбу ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 130 метр чуқурликда тик қудуқ қазишга киришилди. Шунингдек, 18 метр баландликдаги, 50 куб метр сиғимли сув минораси ўрнатилмоқда. Лойиҳага мувофиқ, 14 километр узунликдаги янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1 минг 280 хонадонда истиқомат қилаётган беш мингдан ортиқ аҳолининг сифатли ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи узлуксиз қопланади.
Жамият томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида инфратузилмани яхшилашга бирдек аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Давлатобод туманида аҳолини сифатли ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида янги ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари олиб борилмоқда. “24/7” тарзда фаолият юритувчи Тўрақўрғон кўчасига янги тармоқ тортилмоқда. Бунда умумий узунлиги 3,2 километр бўлган ичимлик суви тармоғи қурилмоқда.
Бугунги кунга қадар 3 минг 150 метр траншея қазилиб, 3 минг 100 метр темир қувур ётқизилди. Аҳоли ва юридик истеъмолчиларга етказиб берилган тоза ичимлик суви тўловларини ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш, мавжуд қарздорликларни ундиришга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳам ўзининг кутилган самарасини бермоқда.
Жорий йилдаги – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастури ижроси доирасида, “Намангансувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан сув таъминотини 87,9 фоизга кўтариш, 353,93 километр ичимлик ва 15,94 километр оқава сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, Янги Наманган ва Янгиқўрғон туманларида сув иншоотларини қуриш, шунингдек, скада тизими ва замонавий насос агрегатлари ўрнатиш орқали узлуксиз ва сифатли сув таъминотини етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.