Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!
Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, она-табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўз энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири.
Юртимизда инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга оид кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос юксак маънавий таянч саналади.
Айниқса, бугун дунёда мураккаб вазият ҳукм сураётган ҳозирги таҳликали даврда Наврўзнинг буюк инсонпарварлик моҳияти, ўлмас ғоялари, одамзотни тинчлик ва дўстликни қадрлаб, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшашга, ҳаётни янада гўзал ва обод қилишга ундайдиган бунёдкорлик руҳи ва фалсафаси ер юзидаги турли халқларнинг олижаноб интилишларига ҳам уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бу йилги байрам тантаналари мамлакатимизда “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланди.
Айём муносабати билан юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элат вакиллари, қалби орзу мақсадларга лиммо-лим ёшлар, ҳар сўзида ҳикмат, юзидан нур ёғилиб турган нуронийлар байрам тантаналарида иштирок этди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” шиори остида байрам сайли ўтказилди.
Шодиёнада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Академия профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Академия ректори Музаффар Камилов барчани Наврўз билан табриклаб, байрам муборак Рамазон ойи билан қўшалоқ тарзда нишонлангани, баҳор айёми қут-барака элчиси экани, ўзининг барҳаётлиги, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Тадбирда юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларни акс эттирган саҳна кўринишлари, шеърий-мусиқий чиқишлар намойиш қилинди.
Академия талабалари томонидан “Ёрим дўқи-дўқи”, “Келин салом”, “Гўзал Тошкент”, “Хуш келдинг, Наврўз” каби қўшиқлар ижро этилди. Кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби халқ ўйинлари ташкил этилди.
Ҳамкор олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спортнинг волейбол, мини футбол, шахмат-шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Баҳорий таомлар, китоблар савдо ярмаркаси, кафедралар ўртасида “Ош чемпионати”, турли миллат ва халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, миллий атлас ва адрас либослари кўргазмаси тадбирга янада файз улашди.
Самарали иш фаолияти, ўзининг илмий, ўқув-услубий йўналишда эришган ютуқлари ҳамда байрам муносабати билан Академиянинг бир гуруҳ ўқитувчи-ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Академия талабалари томонидан Наврўз ва миллий урф-одатларга оид бадиий чиқишлар, юртимиз турли вилоятларининг ўзига хос анъаналари акс этган саҳна кўринишлари байрам тадбирига янада файз улашди.
Н.Усмонова, ЎзА