Наврўз – деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳамдир (+видео)
Умрбоқий анъаналар, кўп асрлик миллий удумларни ўзида мужассам этган Наврўз юртимизда деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳамдир. Ушбу мавсум аввало сифатли уруғ танлашдан бошланади. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган корхона уруғлик маркази сифатида ташкил этилган бўлиб, республикамиз бўйича уруғларни саралаш, тозалаш, дорилаш ва фермерларга етказиб бериш билан шуғулланиб келади.
Наврўз байрами муносабати билан корхона ходимлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар бир дастурхон атрофида тўпланиб, уларга юқори кайфият улашилди.
Корхонада бу йилги Наврўз ўзгача, кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Жонли қўшиқлар, дошқозонларда миллий таомларимиз бўлган сумалак, ўзбекнинг палови пиширилиб, элга тортиқ қилинмоқда. Бу ҳам миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, меҳмондўстлигимизнинг ёрқин намунасидир. Деҳқончилик йили олдидан кенгашиб, соҳа олимларининг фикрини билиш, фермерларнинг ўтган йилги тажрибаларини ўрганиш кони фойда албатта.
- Бугун ҳамманинг кайфияти аъло. Янгиланиш фасли Наврўз байрамида деҳқончиликка старт бериладиган палла бу, - дейди Сирдарё вилояти Уруғчиликни ривожлантириш маркази бошлиғи Султонбек Тожибоев. – Сирдарё вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, янгидан-янги технологиялар кириб келяпти, соҳага инновациялар жорий қилинмоқда, агротехнологиялар яхшиланиниши натижасида ҳосилдорлик йилдан йилга ошиб боряпти.
Хорижий пахта навларини ҳам экишни яхши йўлга қўйдик. Сирдарё вилоятида 75 220 гектар пахта майдонлари бор. Мана шу майдонларнинг 80 фоизига хорижий Хитой навлари экилиши режалаштирилди. Кўсак қуртига, гербицидга, шўрга, қурғоқчиликка чидамлилиги билан ушбу нав маҳаллий навлардан ажралиб турибди. Ўтган йили деҳқонларимиз 60-65 центнер ҳосилдорликка эришди. Бу йил ҳам Шинжон технологияси асосида 50 минг гектар майдонда хорижий чигит экилади.
Байрам дастуридан миллий ўйинларимиз: арқон тортиш ҳамда шахмат-шашка мусобақалари ўрин олган бўлиб, кучли жамоаларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0rccSsz6Iro" title="Navro`z – dehqonchilik mavsumining boshlanishi hamdir " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА