Ҳисоблагичларсиз ер ости сувлари олинганда, солиқ оширилган миқдорда ундирилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувдан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, сувларнинг зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ошаётгани, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувдан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳолатлари давом этаётгани сабабли ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарурияти юзага келяпти.
Шу мақсадда ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунчилик палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан ер ости сувларига қудуқларни қонунга хилоф равишда бурғилаш ва хавфли геологик жараёнларнинг олдини олишга доир кўрсатмалар талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувлари олинганда солиқни белгиланган солиқ ставкасининг оширилган миқдорида ундириш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилашга доир рухсатномани бериш тартиб-таомилини ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига доир рухсатномани бериш тартиб-таомили билан алмаштириш назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, ер ости сувларидан бир суткада 5 куб метргача фойдаланиш мумкин. Солиқ органлари ҳисоблаш воситалари орқали қанча ер ости сувларидан фойдаланилаётганини текшириш имкониятлари мавжуд.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратишга ҳамда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА