Халқ шоири эътирофи: Заркент ёшларининг кўзида ёниқлик кўрдим
Мустақилликнинг 35 йиллиги олдидан
Жанубий кон бошқармасида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб туҳфа” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ишчи-ходимлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ижодий кечада Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова ҳамда таниқли ижодкорлар Азиза Боймуродова ва Қурбоной Юсуповалар меҳмон бўлди.

Таъкидланганидек, Қўшработ тумани азалдан ўзининг адабий муҳити, китобхонлик анъаналари ва истеъдодли фарзандлари билан алоҳида ажралиб туради. Бугунги кунда Жанубий кон бошқармасида фаолият юритаётган заҳматкаш кончилар орасида ҳам адабиёт ихлосмандлари, шеърият шайдолари талайгина. Ижодий учрашув давомида шоиралар томонидан она Ватанни мадҳ этувчи, истиқлол неъмати ва инсон қадрини улуғловчи янги шеърлар ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, кончилик касбининг машаққати ва шарафи ҳақидаги дилтортар мисралар йиғилганларга ўзгача руҳ бағишлади.
— Бундай маънавий учрашувлар ишчи-ходимларимизнинг кайфиятини кўтариш билан бирга, уларнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббат ва ўз касбидан фахрланиш туйғусини янада мустаҳкамлайди, — дейди тадбир ташкилотчилари.
Заркент қўрғонида бўлиб ўтган ушбу шеърият кечаси кончилар учун мазмунли ҳордиқ ва ҳақиқий байрам туҳфасига айланди. Учрашув давомида ижодкорларнинг кончилар билан самимий мулоқоти ташкил этилди. Тадбир таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова қуйидагиларни таъкидлади.

— Ўтган ҳафта Нуробод туманидаги санаторийлардан бирида дам олаётганимизда, кутилмаганда Жанубий кон бошқармаси вакиллари бизни йўқлаб келди, — дейди Х. Бобомуродова. — Уларнинг Заркент қўрғонига, заҳматкаш кончилар ҳузурига таклиф қилганидан бошимиз осмонга етди. Мана бугун металлурглар ва соҳа фидойилари билан юзма-юз учрашиб турибмиз. Тадбирга кўрилган пухта тайёргарлик ва кончиларнинг адабиётга бўлган юксак эҳтироми биз кутгандан ҳам зиёда бўлди.
Тадбирда кончилар томонидан шоиранинг шеърлари ёддан айтилгани ижодкорларга бўлган чексиз ҳурматнинг ифодаси бўлди. Мухлислар олқиши ва самимий эътирофлар даврага кўтаринкилик бағишлаб, мушоира кечасини ҳақиқий байрамга айлантирди.
Тадбир доирасида сўз олган меҳнат фахрийси, маҳаллий ижодкор Абдумалик Ҳамроев шоира ижодига юксак баҳо берди.
— Хосият Бобомуродованинг ижод намуналари халқчиллиги, содда ва самимийлиги билан кўнгилларга яқин, — дейди А. Ҳамроев. — Унинг ҳар бир мисрасида бахшиёна руҳ, инсоний туйғулар уфуриб туради. Бугунги ижодий кечада бунга яна бир бор амин бўлдик. Ўзбек шеъриятининг атоқли вакили Эркин Воҳидов айтганидек, шоир ўз қалбида ёнмаса, бошқалар қалбини ёндира олмайди. Маҳорат ва бадиий воситалар фақатгина қалб ҳарорати билан қўшилгандагина ҳақиқий санъат асарига айланади.
Учрашув якунида кончилар ва шеърият ихлосмандлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Бу каби маданий тадбирлар соҳа ходимларининг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълумот ўрнида: Хосият Бобомуродова ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган серқирра ижодкорлардан биридир. Шоиранинг “Дарёдан қатра” (1979), “Қалб титроғи” (1984), “Турналарим” (1984), “Самарқандга мактублар” (1988), “Мен узган гуллар” (1992), “Мурод қасри” (1997) ҳамда яқинда нашр этилган “Бахт майдони” (2025) каби ўнлаб шеърий тўпламлари китобхонлар эътиборини қозонган. Шунингдек, муаллифнинг “Бола кўтарган аёл” драмаси, “Ватан ягонадир”, “Жонимнинг эгаси”, “Бормисан, ўзбек”, “Меҳр”, “Ҳайқириқ” каби достонлари, “Қизилқум маликалари”, “Саҳродаги жаннат”, “Ўқувчи одоблари” каби публицистик асарлари маънавиятимизни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Х. Бобомуродованинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, у “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Тадбир якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хосият Бобомуродова билан бўлиб ўтган самимий мулоқот барча иштирокчиларда бой таассурот қолдирди. Суҳбат давомида Хосият Бобомуродова ижод машаққати ва сўз масъулияти ҳақида тўхталар экан, жумладан шундай деди:
— Қоғоз ва қаламга ошно аёлнинг ҳаёти доим синовларга бой бўлган. Ижод — бу руҳий эҳтиёж, қалбдаги дард ва қувончни оққа тушириш демакдир. Тақдиримга ижод йўли битилганидан, ҳар қандай вазиятда ҳам сўзга суянганимдан мамнунман. Бугун кончи ёшларнинг шижоатга тўла кўзларини кўриб, қалбим таскин топди. Уларнинг мақсади юксак, кўнгиллари эса мана шу кенг саҳролардек бепоён. Адабиётни ардоқлайдиган халқимиз бор экан, ижод ўти ҳеч қачон сўнмайди.

Учрашув якунида кўклам нафаси уфуриб турган мазкур дамларга ҳамоҳанг равишда шоиранинг “Баҳор” шеъридан намуна ҳавола этилди:
Бунча нозик, митти ғунчалар,
Қандай қилиб очилар, кулар?
Балки унинг жасоратини
Тўлғоқ тутган оналар билар.
Қирғоқларга сиғмай тошар сув,
Шивирлайди яшил япроқлар.
Турналарнинг қайтганин кўриб,
Вужудимга кирар титроқлар.
Караминг мўл, қодир Аллоҳим,
Майса экдинг ҳатто тошгача.
Яшаш дарсин ўтарсан балким,
Баҳорингда кекса, ёшгача.
Уфқларга етса қулочим,
Лолаларни бағримга боссам.
Капалакнинг қанотларига
Ёниб турган дилимни оссам.
Баҳорнинг гул қучоқларида
Тирилгим ҳам ўлгим келади.
Ўзбекистон, онам, бағрингда,
Баҳор бўлиб қолгим келади.
Дилдора АТАБАЕВА,
Жанубий кон бошқармаси
Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари