Халқ дипломатияси: Бухородан Римгача бўлган тарихий алоқалар (+видео)
Халқ дипломатиясининг тарихий илдизлари, Ўзбекистон ва Италия халқлари ўртасидаги муносабатларнинг шаклланиш жараёни ҳақида тарихчи олим Воҳид Холов билан суҳбатлашдик.
— Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги илк тарихий алоқалар ҳақида нималар маълум?
— Тарихий манбаларга назар ташласак, Ўзбекистон ҳудуди ва Европа, жумладан Италия ўртасидаги алоқалар жуда қадим даврларга бориб тақалади. Археологик топилмалар, хусусан Кушонлар давлати даврида Рим империяси билан савдо ва маданий алоқалар бўлганини тасдиқлайди. Кушонлар ҳудудидан топилган Рим тангалари бунинг яққол исботидир.
Бу ҳолат ўша даврдаёқ Шарқ ва Ғарб ўртасида фаол савдо йўллари мавжуд бўлганини кўрсатади.
— Ўрта асрларда Ўрта Осиё ва Италия ўртасидаги савдо алоқалари қай даражада ривожланган?
— XII–XIII асрларга келиб, карвон йўллари орқали савдо алоқалари янада кенгайган. Неаполь университети олимлари тадқиқотларига кўра, Марказий Осиёдан Италия ва Жанубий Европа ҳудудларигача савдо алоқалари фаоллашган.
Ўша даврда Венеция ва Женуя каби шаҳарлар муҳим савдо марказлари бўлган. Айниқса, Туркистон ипаги жуда юқори баҳоланган бўлиб, баъзи ҳолларда у Хитой ипагидан ҳам сифатлироқ деб ҳисобланган. Шу сабабли италиялик савдогарлар Туркистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирган.
Савдо алоқалари фақат товар алмашинуви эмас, балки ишончга асосланган тизим сифатида шаклланган. Кўп ҳолларда савдогарлар шахсан эмас, балки ўз вакиллари орқали иш юритган.
XVI асрдан бошлаб Европа давлатлари денгиз йўлларини ўзлаштириши натижасида қуруқлик савдоси нисбатан пасайган бўлса-да, Италия ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар узилмаган.
— Машҳур саёҳатчи Марко Поло Ўзбекистон тарихи ва Шарқ-Ғарб алоқаларида қандай ўрин тутади?
—Марко Поло — алоҳида таъкидлаш лозим бўлган шахс. Унинг отаси Никколо Поло ва амакиси Маффео Поло аввал Шарққа сафар қилган бўлиб, кейинчалик ўз тажрибаларини Марко Поло билан бўлишган.
Марко Поло ўз сафарлари давомида Бухоро ва Самарқанд ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. У Бухорони муҳим савдо маркази сифатида, Самарқандни эса гўзал, маданий ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган шаҳар сифатида таърифлаган.
— Бугунги кунда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ҳамкорлик қай даражада ривожланмоқда?
— Ҳозирги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Халқ дипломатияси орқали алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.
Италияда таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам Италиянинг таълим ва илмий марказлари фаолият юритмоқда. Жумладан, Турин политехника университети филиали ва Пиза университети билан ҳамкорликлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Суҳбатнинг тўлиқ қисмини ЎзАнинг You Tube саҳифасида кўришингиз мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FS0DUzfuMYc" title="Xalq diplomatiyasi: Buxorodan Rimgacha bo‘lgan tarixiy aloqalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Нишонбой Абдувоитов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА