Ҳакамларимиз Осиё кубогининг чорак финал учрашувига тайинланди
Саудия Арабистони мезбонлигида ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида бугун чорак финал босқичи доирасида иккита ўйин бўлиб ўтади.
Хусусан, мазкур босқичнинг дастлабки учрашуви Тошкент вақти билан 21:00 да Япония ва Тожикистон ўртасидаги тўқнашув билан бошланса, орадан бир соат ўтиб Саудия Арабистони ҳамда Хитой термалари баҳси старт олади.

Ушбу учрашувлар орасида Саудия Арабистони ва Хитой ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги беллашувни ҳамюртимиз Акобирхўжа Шукруллаев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга қанотларда Алишер Усмонов ва Ислом Азимов ёрдам беради.
Эртага, 16 май куни эса Сергей Чигодаев бошқарувидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси Жанубий Корея билан куч синашади. Вьетнам эса Австралия термасига қарши майдонга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА