Халқаро стол тенниси федерацияси президенти Тошкентга келди
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида стол тенниси бўйича нуфузли “WTT Youth Contender” халқаро турнири ўтказилмоқда.
Бугун, 15 май куни мазкур нуфузли спорт мусобақаси ҳамда унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун юртимизга Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) президенти Петра Суорлинг хоним бошчилигидаги делегация етиб келди.

Мартабали меҳмонларни пойтахт аэропортида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Кеча ўтказилган “WTT Youth Contender” халқаро турнирининг шиддатли баҳслари мамлакатимиз стол теннисчилари учун ҳар жиҳатдан омадли кечди.

Мусобақанинг U13 ўғил болалар ўйинида терма жамоамиз аъзолари 14 тага яқин мамлакат вакилларини доғда қолдирди. Иқтидорли стол теннисчиларимиздан Ҳусайн Искандаров олтин, Амир Шириев кумуш, Лочинбек Абдухалилов бронза медалини қўлга киритгани ўзига хос шов-шувни келтириб чиқариши билан бирга, юртимизда ушбу спорт турида янги истеъдодлар камолга етаётганини кўрсатди.
20 та давлатнинг турли ёш тоифаларидаги маҳоратли ракетка усталари иштирокида ўтаётган халқаро турнир мусобақалари 16 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА