Жавоҳир Синдоров бугун Руминияда Рамешбабу билан курашади
Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат "Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнири ўтказилмоқда. Унда дунёнинг энг кучли 10 нафар шахматчиси қаторида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ҳам дона сурмоқда.
“Grand Chess Tour” туркумидаги нуфузли турнирда "Номзодлар турнири" ғолиби Жавоҳир Синдоров сингари АҚШ вакили Фабиано Каруана, Уэсли Со, нидерландиялик Аниш Гири, Йорден ван Форест, ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха, германиялик Винсент Каймер, франциялик Алиреза Фирузжа, Максим Вашье-Лаграв, руминиялик Богдан-Даниэль Дик ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.

Кеча ўтказилган 1-тур баҳсида Синдоров қора доналарда руминиялик Богдан-Даниэль Дикка қарши дона сурди. Қизиқарли кечган баҳснинг 33-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлади.
Шунингдек, ушбу турнинг қолган жуфтликлар ўртасидаги баҳсларида ҳам дуранг натижа қайд этилди.

Бугун, 15 май куни ташкил этиладиган 2-турда Жавоҳир Синдоров оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат бўлган турнир мусобақалари 23 майга қадар давом этади.
Турнирда ғолибликни қўлга киритган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА