Футзал: баҳслар қизғин тус олди
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси 2-гуруҳ жамоалари баҳсларни якунига етказди.
Жорий йилдаги футзал бўйича мамлакат чемпионати олий лигасида иштирокчилар сони 2 тага ортиб, 12 тани ташкил этмоқда ва бу клублар 6 тадан 2 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
2-турнинг 1-учрашувида Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клубини йирик – 10:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Бекободнинг “Металлург” футзалчилари Қаршининг “Насаф” жамоасини – 7:4 ҳисобида енгди ва пойтахтнинг “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” клублари баҳсида – 1:3 ҳисоби қайд этилди.

2-турнинг 2- ва 3-учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Пахтакор” – “Навбаҳор” – 2:3, “Локомотив” – “Металлург” – 1:1, “Бунёдкор” – “Насаф” – 4:2.
Шунингдек, “Локомотив” – “Бунёдкор” – 2:2, “Насаф” – “Навбаҳор” – 6:3, “Пахтакор” — “Металлург” – 4:3.

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида ўтказилган 2-тур ўйинларидан сўнг турнир жадвалида “қўшалоқ ҳокимлик” юзага келган. Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби, Жиззахнинг “Жиззах-Кантекс” ҳамда олий лига дебютанти Тошкентнинг БМБ клублари 6 учрашувнинг барчасида зафар қучиб, бир хил 18 тадан очко жамғариб, тўплар нисбатига кўра 1 ва 2-ўринни эгаллаб турибди.

3-поғонадан жой олган Олмалиқнинг АГМК клуби ҳисобида 14, 4-ўриндаги Тошкентнинг “Локомотив” клубида 11 очко бор.
Турнир жадвалининг сўнг 2 поғонаси: 11- ва 12-ўринларда 3 очко билан Наманганнинг “Навбаҳор” ва 6 учрашувдан бор йўғи 1 очко жамғарган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари боряпти.
А.Қаюмов, ЎзА