Суперлигада бугун чемпион аниқланиши мумкин
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тур марказий баҳсида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси ўз майдонида Самарқанднинг «Динамо» клубини қабул қилади. Ушбу учрашувда дуранг қайд этилган тақдирда ҳам фарғоналиклар муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштиради.
«Нефтчи» — «Динамо» учрашуви Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида соат 16:15 да бошланади. Мазкур баҳсни стадионга кела олмайдиган мухлислар ҳам жонли эфирда кузатиши мумкин. Учрашув «Истиқлол» стадиони автотураргоҳида ўрнатиладиган LED экран ҳамда Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Санъат саройидаги катта мониторлар орқали намойиш этилади.
Куннинг яна бир учрашувида Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси Тошкентнинг «Пахтакор» клубини қабул қилади. Баҳс соат 16:15 да «Ёшлар» спорт мажмуаси стадионида бошланади. Агар «Пахтакор» ушбу учрашувда ғалаба қозонса ва «Нефтчи» Фарғонада чемпионликни расмийлаштирса, пойтахт жамоаси Суперлига якунига бир тур қолганида вице-чемпионликни кафолатлайди.
«Қизилқум» ва «Пахтакор» жамоаларининг чемпионатимиз доирасидаги ўзаро учрашувлари статистикасига назар ташласак, бугунги кунга қадар улар 53 марта майдонда куч синашган. Ушбу баҳсларнинг 44 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, еттитаси дуранг билан якунланган, иккитасида эса «Қизилқум» устун келган. Ўзаро учрашувларда тошкентликлар рақиб дарвозасига 145 та гол урган ва ўз дарвозасидан 32 та тўп олиб чиққан.
Навоийда ўтказилган 26 учрашувнинг 21 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, тўртта баҳсда дуранг қайд этилган, бир марта мезбонлар зафар қучган. Жамоалар ўртасидаги энг йирик ҳисобли ўйин ҳам 2007 йил Навоийда бўлиб ўтган. Ўшанда «Пахтакор» «Қизилқум»ни 11:0 ҳисобида мағлуб этган.

Эслатиб ўтамиз, миллий чемпионатимизнинг 29-турида «Бухоро» ва «Машъал» жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Шунингдек, «Қўқон-1912» ўз майдонида «Хоразм»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувда Рафаэль Тавареш 60 ва 80-дақиқаларда гол уриб, меҳмонларга ғалаба келтирди.
Бу натижадан сўнг қўқонликларнинг турнир жадвалида 15-ўринни эгаллаши аниқ бўлди. Ўзбекистон профессионал футбол лигаси маълумотига кўра, «Қўқон-1912»нинг ўтиш учрашувидаги эҳтимолий рақиби «Андижон» бўлса, баҳс Намангандаги «Марказий» стадионда ўтказилади. Қолган барча ҳолатларда эса ўйин «Локомотив» стадионида бўлиб ўтади. Қўқонликларнинг рақиби 30-турдан кейин Суперлига жадвалида 12-ўринни эгаллаган жамоа бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА