Франция элчиси: “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорлик қиламиз
Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук Фарғонадаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ташриф буюрди. Мазкур ташриф икки давлат ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янги ташаббусларни муҳокама қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Саидфаррух Исломов ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Лолахон Кадирова элчига агентликнинг асосий мақсад ва вазифалари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бердилар, деб хабар беради бошқармаси ахборот хизмати ўзининг телеграм каналида. Бунда ижтимоий хизматларни манзилли ва самарали етказиш, замонавий ёндашувлар асосида хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, элчи Валид Фук Францияда амал қилаётган ижтимоий ҳимоя модели ҳақида қисқача маълумот бериб, ушбу тизимда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш ва аҳолига яқинлаштириш тамойиллари муҳим ўрин тутишини таъкидлади. У Франция элчихонаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Фарғонадаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва илғор тажрибаларни алмашишга тайёр эканини мамнуният билан билдирди.
Франция элчиси марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, ходимлар учун яратилган шароитлар ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатига юқори баҳо берди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА