Финал босқичига йўлланма қўлга киритилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларининг волейбол спорт тури бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва маҳоратли спортчиларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада Оролбўйидаги барча олий таълим муассасаларининг талаба-қизлардан ташкил топган жамоалар иштирок этди.

Мусобақа якунида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ғолиб бўлди ва республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўринни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, учинчи ўринни эса Инновацион технологиялар университети жамоалари эгаллади.

Маълумот ўрнида, “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақалари олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим йўналишлари талабалари ўртасида спортнинг волейбол, гандбол, баскетбол 3х3, стол тенниси, футбол, енгил атлетика ва сузиш каби турлари бўйича 3 босқичда ўтказилиши белгиланган.

Ушбу спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш билан бирга, уларни зарарли одатлардан асраш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маҳоратли ва умидли спортчиларни аниқлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.