Энергетика соҳасида замонавий ечимлар жорий этилади
Қибрай туманида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда халқаро энергетика компанияси – ACWA Power раҳбари Моҳаммад Абунаян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув вилоятда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди. Томонлар музокаралар чоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, ҳудуднинг энергия таъминотини барқарорлаштириш, янги иш ўринлари яратиш каби долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилди.

Шунингдек, Зойир Мирзаев томонидан Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, қулай географик жойлашуви ва инвесторлар учун яратилган шароитлар алоҳида таъкидланди. Вилоят делегациясининг бир муддат аввал Саудия Арабистонига қилган амалий ташрифи ва унда эришилган келишувлар, асос солинган лойиҳаларнинг бориши хусусида фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор технологияларни жалб этиш ҳамда энергетика соҳасида замонавий ечимларни жорий этиш борасида батафсил тўхталди.

Учрашувда меҳмонларга халқимизнинг бой маданий мероси ва миллий қадриятлари намойиш этилди. Делегация самимий ва ўзбекона меҳмондўстлик руҳида кутиб олинди. Самимий суҳбатда меҳмонлар ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, қадриятларга содиқлиги ва бой анъаналарига юқори баҳо берди.
Учрашув якунида томонлар келгусида аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳамкорликни изчил давом эттириш ҳамда ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувларга эришди.
А.Мусаев, ЎзА