Соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишнинг янги тизими жорий этилади
Президентнинг “Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишнинг қуйидаги янги тизими жорий этилади:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг мастер режаси асосида тиббиёт соҳасини, шу жумладан, хусусий секторни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайди;
ДХШ лойиҳалари бўйича давлат шериги сифатида фаолият юритади, Агентлик билан биргаликда инвестиция ва ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат тиббиёт муассасаларини, ер участкаларини, бино ва иншоотларни белгилайди.
- Агентлик инвесторларни аниқлайди ва улар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади, янги инвестиция лойиҳалари (грант лойиҳалари бундан мустасно) ва ДХШ асосидаги лойиҳаларни ишлаб чиқади, уларни манфаатдор томонлар билан келишишга кўмаклашади ҳамда ДХШ лойиҳаларини Соғлиқни сақлаш вазирлигига тасдиқлаш учун киритади;
- тайёр инвестиция пакетларини шакллантиради, инвесторларга инвестиция лойиҳалари ва ДХШ асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида кўмаклашади ва мониторинг қилади;
- Компания Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ўз тизимидаги хўжалик жамиятларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, келишиш ва амалга оширишда Агентликка кўмаклашади;
- унга бошқарувга топширилган ташкилотларнинг ҳамда мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган улушларнинг самарали бошқарилишини таъминлайди.
2026 йил якунига қадар тиббиёт муассасалари фаолиятини замонавий бошқарув моделлари асосида самарали ташкил этиш мақсадида синов тариқасида “Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази”, “Болалар миллий тиббиёт маркази”, “Миллий тиббиёт маркази” давлат муассасалари ва “Кўпфункцияли тиббиёт маркази” МЧЖ ҳудуди билан бирга Компания бошқарувига ўтказилади.
ЎзА