Фарғоналик атлетлар медаль жамғаришда биринчи
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мамлакатнинг энг кучли атлетларини саралаб бериш билан бирга, ҳудудларда ушбу спорт турининг ривожланиш даражаси ва рақобат муҳитини ҳам яққол намоён этди.
Мусобақанинг якуний медаллар жадвалига кўра, Фарғона вилояти яна бир бор етакчилик салоҳиятини тасдиқлади. Фарғоналик спортчилар 8 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўриндан Тошкент шаҳри жой олди. Пойтахт вакиллари 6 та олтин, 8 та кумуш ва 8 та бронза, жами 22 та медални қўлга киритиб, чемпионатда энг кўп соврин жамғарган жамоага айланди. Бу эса жамоанинг таркиб жиҳатидан кенглиги ва турли йўналишларда барқарор натижа қайд этганидан далолат беради.
Учинчи ўринни Самарқанд вилояти эгаллади. Самарқандлик атлетлар 6 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалга сазовор бўлди. Тошкент вилояти ҳам 6 та олтин ва 5 та кумуш медаль ҳамда 1 та бронза билан тўртинчи поғонадан жой олди.

Кучли бешликни Сирдарё вилояти якунлади. Сирдарёлик спортчилар 4 та олтин, 7 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритиб, жамоанинг рақобатбардошлигини яна бир бор намоён этди.
Қашқадарё вилояти (3–7–5), Сурхондарё вилояти (3–3–1) ва Навоий вилояти (3–2–2) ҳам олтин медаллар сони бўйича юқори натижа қайд этиб, кучли саккизликдан ўрин олди. Наманган вилояти (2–3–4) ва Андижон вилояти (2–1–3) эса биринчи ўнталикни якунлади.
Бухоро вилояти ҳисобида 1 та олтин ва 2 та бронза медаль мавжуд бўлса, Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари биттадан кумуш медални қўлга киритди. Жиззах вилояти эса чемпионатни 2 та бронза медаль билан якунлади.

Умуман, чемпионат натижалари ҳудудларда енгил атлетиканинг оммалашуви ва рақобат муҳити тобора кучайиб бораётганини кўрсатди. Медаллар географиясининг кенгайиб бораётгани мамлакатда иқтидорли атлетларни саралаш, миллий терма жамоа учун муносиб номзодларни аниқлаш ҳамда халқаро майдонлар учун мустаҳкам захира шаклланаётганининг амалий ифодаси бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, уларнинг мураббийлари тантанали равишда тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА