Уч теннисчимиз бугун Уимблдонда ўйнайди
Теннис мухлислари бу кунни узоқ кутди. Умид қиламизки, Полина Кудерметова, Камилла Раҳимова ҳамда Мария Тимофеева мусобақада муваффақиятга эришади.
Англиянинг Лондон шаҳрида теннис бўйича "Катта дубулға" туркумига кирувчи нуфузли Уимблдон турнирининг асосий тўр баҳслари давом этмоқда. Мусобақада мамлакатимиз тенниси тарихида илк бор бир вақтнинг ўзида уч нафар вакилимиз асосий тўрда юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Бугун, 30 июнь куни вакилларимиз орасида биринчи бўлиб Камилла Раҳимова украиналик Ангелина Калининага қарши кортга чиқади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 15:00да бошланади. Шундан сўнг Мария Тимофеева биринчи даврада бразилиялик Беатрис Ҳаддад Майя билан куч синашади. Ушбу беллашув соат 17:00да старт олади.
Куннинг сўнгги баҳсида эса Полина Кудерметова нейтрал мақомда иштирок этаётган Людмила Самсоновага қарши баҳс олиб боради. Мазкур учрашувнинг бошланиш вақти — 20:30.
Шунингдек, Камилла Раҳимова жуфтликлар баҳсида ҳам иштирок этади. У япониялик Мию Като билан биргаликда 2 июль куни нидерландиялик Деми Схюрс ҳамда австралиялик Эллен Перес жуфтлигига қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА