Иқтидорли талабалар тақдирланишди
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Директор кубоги” доирасида спорт мусобақалари ҳамда маънавий-маърифий ва ижодий танловлар ташкил этилди.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати натижасида уларни қўллаб-қувватлаш, қобилияти ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Филиалда ўтказилган мазкур тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга ҳамоҳанг тарзда ташкил этилди.
Тадбирлар дастуридан спортнинг стол тенниси ва шашка турлари бўйича мусобақалар, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” плакатлар танлови, талаба-қизлар ўртасида пазандачилик танлови ҳамда “Мен севиб ўқиган асар” китобхонлик танлови ўрин олди. Турли йўналишлардаги беллашув ва танловларда талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, билим, иқтидор ва маҳоратларини намоён этиш баробарида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамладилар.
— Сизлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини барпо этадиган, мамлакатимиз тараққиётини белгилайдиган энг катта кучсизлар. Илмга чанқоқ, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар сафининг тобора кенгайиб бораётгани барчамиз учун ифтихордир. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, юксак марралар ва янги зафарлар тилайман, — деди филиал директори А. Есимбетов.
Тадбир якунида мусобақа ва танловларда ғолибликни қўлга киритган талабалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири