Факт ва рақам: Қайси давлатлар ядро қуролига эга?
Глобал хавфсизлик ва геосиёсий мувозанатни тушунишда рақамлар энг ишончли мезон ҳисобланади, чунки айнан статистика давлатлар ўртасидаги асл куч нисбатини намоён этади. “Факт ва рақам” рукнида халқаро муносабат, ҳарбий салоҳият ва стратегик ресурсларга оид маълумот нуфузли манбаларга таянган ҳолда таҳлил қилинади. Мазкур рукнда шунчаки факт санаб ўтилмайди, балки сонлар орқали дунё тартиби, куч марказлари ва хавфсизлик чизмаси қандай шаклланаётгани очиб берилади. Шу тариқа ўқувчи рақам орқали геосиёсий манзарани тўлиқ англайди.
Ядро арсенали ва глобал куч мувозанати
Ядро қуроли бугунги кунда инсоният ихтиро қилган энг хавфли ва ўта таъсирчан ҳарбий восита бўлиб, давлатларга нафақат ҳарбий, балки сиёсий босим ўтказиш имконини ҳам беради. 2025 йил ҳолатига кўра, дунёда мавжуд 12 241 ядро зарядининг тахминан 9 600 дан ортиғи ҳарбий захира, яъни жанговар ҳолатга яқин ҳолда сақланади. Мутахассислар қайд этишича, бу рақам аниқ эмас, чунки ядро давлатлари ўз арсеналини тўлиқ очиқламайди. SIPRI ва FAS ҳисоботи халқаро даражада нисбатан энг ишончли манба сифатида қабул қилинади. Шу билан бирга жами каллак сони камайтирилаётгандек кўринса-да, амалда сифат жиҳатидан янгиланиш ва модернизация жадал кечмоқда.
Ҳозир ер юзида 9 давлат ядро қуролига эга: АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея. Халқаро муносабатда “ядро клуби” сифатида тан олинадиган бу юртлар қабул қиладиган қарорлар глобал хавфсизликка бевосита таъсир кўрсатади. Айниқса, ушбу тизимда мутлақ устунликка эга АҚШ ва Россия биргаликда жаҳон ядро арсеналининг қарийб 88 фоизини назорат қилади. Бу ҳолат Совуқ уруш даврида шаклланган икки қутбли ҳарбий мувозанат ҳамон тўлиқ йўқолмаганини англатади.
РФ 4 300 дан кўп, АҚШ эса 3 700 га яқин ядро зарядига эга экани қайд этилади. Кейинги ўринда жойлашган Хитой арсенали сўнгги йилларда тез ўсиб, 600 га яқинлашди ва бу ўсиш давом этяпти. Европа ядро давлатлари ҳисобланган Франция (тахминан 290 та) ва Буюк Британия (225 та) нисбатан барқарор кўрсаткични сақлаб турибди. Жанубий Осиёда эса Ҳиндистон (180 та) ва Покистон (170 та) ўртасидаги рақобат минтақавий хавфсизликка жиддий хатар ҳисобланади.
Исроил расман ядро қуролига эгалигини тан олмаган бўлса-да, халқаро таҳлилга кўра, ушбу мамлакат тахминан 90 та ядро зарядига эга. Шимолий Корея эса энг ёш ядро давлати сифатида тахминан 40-50 дона каллакка эга, дея тахмин қилинади.КХДР дастури халқаро хавфсизлик учун энг жиддий таҳдид сифатида кўрилади. Хуллас, ядро қуролига эга давлатлар саноқли эса-да, бу борадаги мавжуд таъсир бутун дунё миқёсида сезиларли.
Бу рақамлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ядро қуроли ҳозирги кунда глобал сиёсатнинг асосий “таянч нуқтаси”га айланган ва давлатлар ўртасидаги куч мувозанатини белгилаб бермоқда. Шу билан бирга, ядро арсеналининг салмоқли қисми ҳамон икки давлат ихтиёрида жамлангани дунё хавфсизлиги юқори даражадаги босим остидалигини кўрсатади. Ачинарлиси, мазкур қурол тури ишлатилмасдан туриб ҳам сиёсий таъсир воситасига айланган.
Ядро қуроли тарқалиши ва янги даъвогарлар

Ядро қуроли тарқалиши тарихи XX аср ўрталаридан бошланиб, айни дам глобал хавфсизлик билан боғлиқ энг мураккаб масалалариан бирига айланган. 1945 йил АҚШ биринчи бўлиб ядро қуролини ишлаб чиққан, кейинчалик Совуқ уруш даврида собиқ иттифоқ, Буюк Британия, Франция ва Хитой ушбу технологияни ўзлаштирди ва шу тариқа “расмий ядро давлатлари” шаклланди. 1968 йил қабул қилинган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) айнан шу беш давлатни тан олган ва бошқа давлатларга бундай қурол яратишни чеклаган. Барибир кейинчалик Ҳиндистон, Покистон ва Исроил ушбу битимга риоя қилмасдан ядро салоҳиятини шакллантирди, Шимолий Корея эса шартномадан чиқиб, ўз дастурини амалга оширди.
Сўнгги йилларда ядро қуролига эгалик масаласи янада долзарб тус олмоқда, чунки айрим давлатлар техник жиҳатдан шу аслаҳага яқинлашмоқда. Масалан, расман ядро қуролига эга бўлмаган Эроннингуранни бойитиш дастури халқаро ҳамжамият томонидан доимий назорат остида ва айрим таҳлилчилар мамлакат “ядро остонасида” турганини таъкидлайди. Жанубий Корея ва Япония каби технология жиҳатидан ривожланган давлатлар ҳам назарий жиҳатдан қисқа вақтда қурол яратиш имконига эга, аммо сиёсий ва халқаро мажбурият сабаб бу йўлни танламаган. Айни ҳолат ядро қуролига эгалик фақат технология эмас, балки сиёсий қарор ва геосиёсий муҳит билан ҳам боғлиқлигини кўрсатади.
Бундан ташқари ядро қуроли тарқалишини чеклашга қаратилган халқаро тизимга қарамасдан, амалда давлатлар ўз хавфсизлигини мустақил таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, минтақавий низо кучайган ҳудудларда ядро қуролига эга бўлиш истаги ортмоқда. Бу эса глобал хавфсизлик тизими учун жиддий синовдир. Мутахассислар қайд этишича, агар шу тенденция давом этса, келажакда ядро давлатлари сони ортиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли ядро қуролини тарқатмаслик сиёсати XXI асрда ҳам халқаро муносабатнинг асосий масаласи бўлиб қолмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ядро қуролига эга бўлмаган, аммо жойлаштирган давлатлар ҳам мавжуд. Масалан, НАТО доирасида ҳудудида АҚШ ядро қуроли жойлаштирилгани Германия, Италия, Бельгия, Нидерландия ва Туркияни билвосита ядро стратегияси иштирокчисига айлантирган. Бундай амалиёт “ядровий бўлишиш” (“nuclear sharing”) сиёсати деб аталади ва геосиёсий мувозанатни сақлаш воситаси сифатида кўрилади. Демак, ядро қуроли фақат эгалик билан эмас, балки қуролни жойлаштириш ва бошқариш тизими орқали ҳам глобал таъсир кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан ядро қуроли тарқалиши тарихи фақат ҳарбий технология эмас, балки халқаро ҳуқуқ, сиёсий қарорлар ва минтақавий хавфсизлик билан узвий боғлиқ жараён эканини кўриш мумкин. Бугунги кунда дунёдаги ядро мувозанати мураккаб ва кўп қиррали тизимга айланган бўлиб, нафақат мавжуд давлатлар, балки эҳтимолий даъвогарлар орқали ҳам шаклланмоқда. Бу эса келгуси йилларда ядро масаласи янада кескинлашиши мумкинлигини англатади.
Янги ядро пойгаси ва келажак сценарийлари
Сўнгги йилларда халқаро таҳлил ядро қуроли сони камайсада, сифат жиҳатидан такомиллашиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса янги “яширин қуролланиш пойгаси” бошланганини англатади. Хусусан, АҚШ ва Россия мавжуд ядро тизимини модернизация қилиш, янги авлод ракеталари ва гипер товушли қуроллар ишлаб чиқишга улкан сармоя йўналтирмоқда. Хитой эса ўз ядро арсеналини сезиларли даражада кенгайтириб, келгуси ўн йилликда захирани бир неча баробар ошириши мумкинлиги ҳақида фараз мавжуд. Бу жараён ядро қуроли сони эмас, балки самарадорлиги ва тезкорлиги орқали рақобат кучайиб бораётганини кўрсатади.
Бугунги кунда энг жиддий хавфлардан бири ядро қуроли қўлланиши эҳтимоли эмас, балки назорат ва бошқарув тизимидаги хавф ҳисобланади. Мутахассислар сунъий интеллект ва автоматлаштирилган ҳарбий тизим ривожланаётган шароитда нотўғри сигнал ёки техник хатолик йирик можарога сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Шу билан бирга кибер хавфсизлик муаммоси ҳам ядро инфратузилмаси учун янги таҳдид сифатида кўрилмоқда. Демак, замонавий даврда ядро хавфи фақат қуролнинг ўзи эмас, балки тизимни бошқариш билан ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Яна бир муҳим тенденция – минтақавий рақобат кучайиши орқали ядро омили янада долзарблашаётгани. Жанубий Осиёда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги мувозанат, Шарқий Осиёда Шимолий Корея дастури, Яқин Шарқда эса Эрон атрофидаги баҳс глобал хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳудудларда ҳар қандай кескинлик ядровий омил орқали тезда халқаро инқирозга айланиши мумкин. Шу боис, ядро қуролига эга давлатлар сони ўзгармаса ҳам, рақобанинг геосиёсий аҳамияти ортмоқда.
Шу билан бирга халқаро тизимда ядро қуролини чеклашга қаратилган келишув самарадорлиги пасайиб бораётгани ҳам кузатиляпти. Айрим муҳим шартномалар амалдан чиққани ёки заифлашгани сабабли давлатлар ўртасида ишонч сусаймоқда. Бу ҳар бир давлатни ўз хавфсизлигини мустақил равишда кучайтиришга ундайди ва натижада қуролланиш пойгаси янада тезлашади. Демак, халқаро ҳуқуқ механизми ядро хавфини чеклашда аввалгидек кучли ўрин тутмаяпти.
Хулоса қилиб айтганда, ядро қуроли XXI асрда ҳам глобал сиёсатнинг энг муҳим ва хавфли элементи бўлиб қолмоқда. Зеро, давлатлар ўртасидаги куч мувозанати ва халқаро муносабат бевосита шунга боғлиқ. Бугунги вазиятда ядро захираси камайиб бораётгандек кўринса-да, амалда қуролнинг аҳамияти, технологияси ва қўлланиш хавфи янада кучаймоқда. Шу нуқтаи назардан инсоният олдидаги асосий вазифа – ядро қуролини тўлиқ йўқ қилиш эмас, балки мажуд хавфни бошқариш ва назорат қилиш механизмини такомиллаштиришдан иборат. Демак, глобал хавфсизлик келажаги айнан қандай қарорлар қабул қилинишига боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА