Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик, – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.
Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилгани натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромад 2 баробаргача кўпайди. Туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150-200 миллион сўм тушди.
–Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик, – деди Президентимиз.
ЎзА