Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
–Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади.
Наманган вилоятига ташриф чоғида Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласи мисолида самарали тажриба йўлга қўйилган. Бу ерда Ахборот ва хизмат маркази ташкил этилиб, 8 та олис маҳалла аҳолиси учун бир жойда 980 та давлат хизмати кўрсатилмоқда.
Ховос туманидаги Қаҳрамон маҳалласида ҳам Венгриянинг “ақлли қишлоқ” тажрибаси асосида шундай марказ ташкил этилмоқда.
Йил якунигача Норин ва Ховос тажрибаларини Қўнғирот, Конимех, Бойсун, Қамаши, Қўшработ, Тупроққалъа, Ғиждувон, Фориш, Бешариқ, Жалақудуқ ва Оҳангарон туманларида жорий этиш топширилди. Урганч шаҳридаги Олимпия маҳалласида йўлга қўйилган “ақлли маҳалла” тажрибаси эса ҳар бир вилоятнинг 10 тадан маҳалласида татбиқ қилинади.
ЎзА