Яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” мукофотланади
Меҳнатга яраша рағбат бўлиши кераклиги таъкидланди. Шу боис, йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча”, туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилади.
Танлов ғолиблари бўлган кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун мол-мулк солиғидан, ҳовли-жойлар учун эса ер солиғидан имтиёз берилади.
Яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” мукофотланади, уларнинг иш услуби бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатилади. Маҳаллалардаги илғор тажрибаларни кенг ёритиш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Ҳудудларда темир йўл атрофини ободонлаштириш ишлари бошланган. Биргина Тошкент – Хива йўналишидаги темир йўл бўйида 285 та маҳалла бор, ушбу йўналиш 45 та тумандан ўтади.
Қолган вилоят ҳокимларига ҳам бир ҳафтада ҳудудидан ўтган магистрал йўллар ва темир йўл бўйлари, улар атрофидаги уй-жой ва тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Икки ҳафтада ушбу ҳудудларни намунали қиёфага келтириш бўйича катта дастур ишлаб чиқиб, амалий натижага эришиш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА