Эскроу – қурилиш соҳасини “ишонч” асосида эмас, балки кафолат ва қатъий назорат асосида ишлашга ўтказадиган муҳим механизм
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълум бўлишича, сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш бошлади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та, 100 миллиард сўмдан юқори кўрсаткичга чиққан 365 та йирик компания шаклланди. Лойиҳа ташкилотлари сони 2 мингдан ошиб, уларнинг 650 дан зиёди халқаро сертификат олди.
Бу соҳа жуда долзарб. Зеро, бугунги кунда уй сотиб олиш – инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири. Аммо бу қарор билан боғлиқ хавфлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай шароитда эскроу тизими нафақат молиявий хавфларни камайтиради, балки бозорда ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда уй-жой қурилиши кўлами ортиб боряпти. Бу эса қурувчилар ва харидорлар ўртасидаги муносабатларда тизимли ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни юзага келтираётгани ҳам ҳақиқат.
Хусусан, объектларни ўз вақтида топширмаслик, молиявий интизомнинг етарли эмаслиги ҳамда айрим ҳолларда фуқароларнинг фирибгарлик ҳолатларига дуч келиши кузатилмоқда. Буни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабарларда ҳам кўриш мумкин.
Шу боис фуқаролар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, соҳани тартибга солиш ва рақамлаштириш мақсадида Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улушли қурилишда эскроу-ҳисобварақлар орқали ҳисоб-китоб қилиш тизими жорий этилмоқда.
Мазкур механизм улушли қурилишда иштирок этадиган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий ва муҳим стандарти ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди.
Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Шоҳрух Ўткиров ЎзА мухбирига берган интервьюсида эскроу тизими, унинг ишлаш тартиби ва афзалликлари ҳақида тушунтириб берди:
– Ушбу тизим жорий этилишининг асосий сабаби фуқаролар маблағларини максимал даражада ҳимоя қилишдир, – деди Ш.Ўткиров. – Бу тизимда улушдорнинг пул маблағлари шартнома тузилган пайтдаёқ қурувчига ўтказилмайди. Аксинча, улар ваколатли банкдаги махсус эскроу-ҳисобвараққа жойлаштирилади ва бутун қурилиш даври давомида шу ерда сақланади.
Қурувчи ушбу маблағларга фақатгина объект тўлиқ қурилиб, улушдорга фойдаланишга топширилгандан кейингина эга бўлади. Агар қурилиш белгиланган талабларга жавоб бермаса ёки ўз вақтида якунланмаса, маблағлар фуқарога қайтарилади. Бу эса харидор учун тўлиқ молиявий кафолат яратади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардим, жорий йил 1 апрелдан бошлаб тайёр кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича ҳам эскроу-ҳисобварақлар муҳокама қилинмоқда.
Бироқ, бу икки механизм моҳиятан фарқ қилади. Тайёр мулк бўйича маблағлар шартнома нотариал расмийлаштирилган куниёқ сотувчига ўтказилади. Улушли қурилишда эса маблағлар анча узоқ муддат – фуқаро ўз хонадон калитини олгунга қадар сақланиши мумкин.
Бу шунчаки ҳисоб-китоб воситаси эмас, балки бутун инвестиция даври давомида фуқаролар маблағларини ишончли ҳимоя қилувчи тизимдир.
Янги тартиб амалда нимани ўзгартиради? Энди қурувчилар объектларни аввалгидек фақат улушдорлар маблағлари ҳисобидан эмас, балки ўз маблағлари ва банк молиялаштириши орқали барпо этади. Шу билан бирга, қурилишнинг барча босқичларида маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.
Энг қувонарли тарафи эса ушбу тизим фуқароларга катта ишонч беради. Чунки уларнинг маблағларидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилмагунга қадар на қурувчи, на бошқа шахс фойдалана олмайди.
Эскроу тизими бозорга ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Аввало, ноқонуний ёки тажрибасиз қурувчилар учун бозорга кириш анча қийинлашади. Шу билан бирга, нархлар барқарорлашади, фирибгарлик ҳолатлари, жумладан, бир уйни бир нечта шахсга сотиш каби муаммолар камаяди. Барча тўловлар расмийлаштирилиб, молиявий интизом ҳам кучаяди.
Энг муҳими – фуқародаги “пулим хавфсиз ва назоратда”, деган ишонч бозор фаоллигини янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, эскроу тизими қурилиш соҳасини “ишонч” асосида эмас, балки кафолат ва қатъий назорат асосида ишлашга ўтказадиган муҳим механизмдир. У нафақат улушдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки бутун уй-жой бозорини янада шаффоф, барқарор ва ишончли қилади.
ЎзА мухбири
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ
ёзиб олди