Экологик экспертиза тизимини рақамлаштиришда
Корея тажрибаси ўрганилмоқда
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлашда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва миллий тизимга татбиқ этиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Давлат экологик экспертизаси маркази вакиллари 13-17 апрель кунлари Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган семинарда иштирок этмоқда.

Мазкур семинар Давлат экологик экспертизаси маркази ва Корея атроф-муҳит институти (KEI) ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандуми доирасида ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик 2024 йил ноябрь ойидан буён изчил равишда ривожланиб бормоқда.
Семинар доирасида экологик экспертиза тизимини рақамлаштириш, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш ва халқаро стандартларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Давлат экологик экспертизаси маркази Бош директори Ғ.Мухамедов таъкидлаганидек, ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда экологик баҳолаш тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида иштирокчилар Кореяда жорий этилган Экологик таъсирни баҳолаш ахборот тизими (EIASS), уни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш тажрибаси билан танишмоқда. Шунингдек, тизимни модернизация қилиш, рақамли ечимларни жорий этиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ва атроф-муҳит ҳолатини сунъий йўлдош маълумотлари орқали мониторинг қилиш каби йўналишларда амалий билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
Бундан ташқари, делегация аъзолари Корея Республикасида амалга оширилаётган яшил ҳудудларни ривожлантириш, боғ ва паркларни замонавий лойиҳалаш ишлари билан ҳам танишмоқда. Бу тажрибалар келгусида шаҳарсозлик ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Ушбу семинар Ўзбекистонда экологик экспертиза тизимини рақамлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Корея тажрибасини ўрганиш орқали мутахассислар рақамли атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш платформасини шакллантиришда илғор ечимлардан самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, семинар доирасида келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган қўшма лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича музокаралар олиб борилиши кутилмоқда.
Давлат экологик экспертизаси маркази ва KEI ўртасидаги узоқ муддатли шериклик Экология қўмитасининг халқаро ҳамкорликни кучайтириш, экологик бошқарув тизимини замонавий стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда соҳада рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қаратилган изчил сиёсатининг ёрқин намунаси сифатида намоён бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА