Амир Темур илм-фан ва маданият ҳомийси
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида “Амир Темур – илм-фан ва маданият ҳомийси” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Амир Темур ойлиги” ҳамда “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Халқаро Амир Темур жамоат фонди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда олимлар, ёзувчи ва шоирлар, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари, ҳарбий қисм хизматчилари, ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи ўқувчилари иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи юртимизда аҳоли китобхонлигини юксалтириш, мутолаа маданиятини ошириш ва буюк аждодлар меросини ўрганишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, китобхонлик ҳафталиги тадбирлари доирасида улуғ алломалар ижоди, ижодий мероси кенг тарғиб этилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ мамлакатимизда буюк аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёшларни билимли ва маънавиятли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, шунингдек, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар ҳам ана шу эътиборнинг намунаси эканлигини айтиб ўтди. Иштирокчиларни фонд томонидан нашр этилган китоблар билан таништирди, кутубхона маркази раҳбарига Амир Темур бюстини топширди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Орифжон Мелиев, Восит Аҳмад Амир Темурнинг ибратли ҳаёт йўли, давлат арбоби, саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидаги фаолияти ва улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирди. Ёшларни буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий, илмий-ижодий меросини ўрганишга, уларга муносиб бўлишга чақирди.

Шунингдек, тадбирда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Темур ва темурийлар ҳақидаги тарихий, илмий ва бадиий китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Мазмунли ва қизиқарли ўтган тадбир иштирокчилар, айниқса, ёшларнинг буюк бобомиз – Амир Темур ҳаёти, фаолияти ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА.