“Эл-юрт умиди” стипендиати ўз мажбуриятларини бажармаса, унга сарфланган маблағ ундирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда дастлаб мамлакатимиз ҳаётига доир муҳим воқеликларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутат Шуҳрат Ёқубов қайд этганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Гап шундаки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда таҳсил олаётган стипендиатлар айрим ҳолларда Ўзбекистонга қайтиб келмаяпти. Шартномада эса таълимни тугатгандан кейин стипендиат Ўзбекистонга қайтиб келиши кўзда тутилган. Эндиликда стипендиат ўз мажбуриятларини бажармаса, Жамғарма унинг учун сарфланган маблағларни суд орқали ундириб олиши мумкин ва бунда Жамғарма давлат божи тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, лойиҳада идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш назарда тутилмоқда. Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини 20 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда.

Муҳокамаларда бир қатор саволлар кўтарилди ва масъуллар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди.
Жумладан, ЎзМТДП фракцияси раҳбари А.Қодиров стипендиат магистр ва докторантлар ўз илмий тадқиқот ишларини ўз вақтида ҳимоя қила олмаган ҳолатда ҳам сарфланган маблағлар ундириб олинадими, деган саволни ўртага ташлади. Унинг фикрича, илм уч йилда эмас, балки тўрт-беш йилда қилиниши мумкин. “Эл-юрт умиди” жамғармасидан мақсад иқтидорли кадрларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Агар тадқиқотчи илмий ишини уч йил эмас, уч ярим йилда якунлагани учун маблағни қайтариш чораси қўлланиладиган бўлса, Ўзбекистон битта иқтидорни йўқотади. Илм учун вақт керак.
Ушбу масала турли тортишувларга сабаб бўлди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбари стипендиат шартномада белгиланган шартларни бажариши кераклигини таъкидлади. Айрим депутатлар эса бу шартномада кўзда тутиладиган масала эканини қайд этди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА