Экологик ислоҳотлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назорати
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бу борада давлат сиёсати даражасида белгиланаётган устувор йўналишларнинг ҳаётга татбиқ этилиши нафақат масъул ташкилотлар, балки жамоатчилик институтлари ва ҳар бир фуқаронинг фаол иштирокига ҳам боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларни асраб-авайлаш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, экологик ислоҳотлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу каби устувор вазифалар ижроси, амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгуси режалар муҳокамаси Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти Кенгаши ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида марказий ўрин тутди.
Йиғилишда вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Жаҳонгир Шарипов 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ахборот берди.
Ҳисобот даврида партия ташаббуси билан ўтказилган тадбирлар, ҳудудлардаги экологик муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимига қаратилган саъй-ҳаракатлар, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш ҳамда партия фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Муҳокамаларда амалга оширилган ишлар билан чекланиб қолмасдан, уларнинг амалий натижадорлигига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Зеро, экологик ташаббуснинг самараси ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки ҳудуддаги муаммонинг қанчалик ҳал этилгани, аҳоли муносабати ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ўзгаришлар билан ўлчанади.

Кун тартибидаги навбатдаги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва унда белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ташкил этишга бағишланди.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Раҳимов сўзга чиқди. У Фармонда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, бу жараёнда депутатлик ва жамоатчилик назорати механизмларидан фаол фойдаланиш, дарахт экиш ва уларни парваришлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш масалаларига тўхталди.

Таъкидланганидек, кўкаламзорлаштириш ишларида асосий эътибор фақат кўчат экишга эмас, балки унинг тутиб кетиши, мунтазам парваришланиши ва узоқ йиллар давомида яшил ҳудуднинг бир қисмига айланишига қаратилиши лозим. Бу эса масъул ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли ва маҳаллаларни жараёнга кенг жалб этишни тақозо қилади. Шунингдек, партия фаоллари ва депутатлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, жойлардаги экологик муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими бўйича тегишли ташкилотлар олдига аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири