«Ташаббусли бюджет» маблағлари йўллар равонлигига хизмат қилмоқда
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ички йўлларни таъмирлаш ва аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилги лойиҳанинг биринчи мавсумида туман бўйича 12 та ташаббус ғолиб деб топилди. Уларнинг барчаси ички йўлларни асфальтлашга қаратилган бўлиб, бу мақсадлар учун 19 миллиард 775 миллион сўм маблағ сарфланди.
Иккинчи мавсумда эса 14 та лойиҳа ғолиб бўлди. Уларнинг 12 таси йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилиб, 14 миллиард 955,6 миллион сўм маблағ ажратилди. Қолган икки лойиҳа доирасида тиббиёт ва спорт муассасаларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Тумандаги Юқори Мўғултой маҳалласида ҳам мазкур лойиҳа доирасида ички йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Юқори Мўғултой саноат корхоналари ва эркин иқтисодий зона объектлари жойлашган маҳаллалардан бири, - дейди маҳалла раиси Равшан Эргашев. – “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида Ҳамза ва Ҳамза-1 кўчаларини асфальтлаш ишлари бошланди. Бундан аввал Юнус Ражабий ва Фузулий кўчалари ҳам асфальтланган эди. Бу ишлар маҳалламиз қиёфасини янада обод этиб, аҳолига қулайлик яратмоқда.
[gallery-32329]
Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида маҳаллаларда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳамда қулай ҳаракатланиши учун шароит яратилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА