Қалбаки пулларнинг муомалага чиқарилиши ҳолатига чек қуйилди
Тошкент вилоятида ДХХ ва ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки пул тайёрлаб, муомалага киритаётган шахслар ушланди. Улар яширин цехда фаолият юритган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш борасида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қалбаки пул банкнотларини тайёрлаш ва уларни муомалага киритиш билан шуғулланган шахслар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Хусусан, Ангрен шаҳрида яшовчи, 1993 й.т. фуқаро ўзининг 1997 й.т. таниши билан тил бириктирган ҳолда, шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонни ижарага олиб, қалбаки пул тайёрлашган.
Шунингдек олиб борилган тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан ярим тайёр ҳолатдаги 79,8 миллион сўм миқдоридаги 100 ва 200 минг сўмлик купюралардан иборат қалбаки пул маблағлари, “EPSON” русумли рангли принтер ва унинг бўёқлари, шунингдек, канцелярия жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди.
Маълум бўлишича, ушбу шахслар муқаддам судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА