“Долзарб 40 кунлик”: аҳоли даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда
Давлатимиз раҳбари раислигида сўнгги видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви вакиллари Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлиб туришибди.
Ташриф давомида мамлакатимизда эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудлардаги қатор маҳаллаларда амалга оширилаётган амалий ишлар, аҳоли ва тадбиркорларга яратилаётган шароитлар бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Хусусан, Президентимиз томонидан ҳар бир маҳалла банкирига кўпи билан 3 тагача маҳалла бириктирилиши ва улар бевосита аҳоли хонадонларига кириб, микромолия хизматларини яқинлаштириш бўйича берилган кўрсатмаси ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги тизим асосида маҳалла банкирлари хонадонбай ва мижозбай ишлаш орқали ҳар бир ҳудуднинг драйвер соҳаларини аниқлаш, эҳтиёжманд аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасида тизимли чоралар кўрмоқда.


Ўрганишлар давомида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
Аҳоли бандлигини таъминлаш: Янги иш ўринларини яратиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва кичик бизнес ташаббусларини имтиёзли молиявий ресурслар билан қўллаб-қувватлаш;
Томорқадан самарали фойдаланиш: Аҳоли эгалигидаги ва ажратилган ижара ер майдонларидан унумли фойдаланиш, кўчатчилик ва иссиқхона хўжаликларини кенгайтириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш;
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили: Ҳудудларнинг ўзига хос ихтисослашувидан келиб чиқиб, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш йўналишларини занжирли тарзда тизимли ривожлантириш.

Ташриф якунида Фарғона ва Андижон вилоятларидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли даромадларини муттасил ошириш, кичик ва ўрта бизнес субъектларига замонавий ҳамда қулай банк хизматларини кўрсатиш, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича масъулларга аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Банк ахборот хизмати