Кўлда хавфсизлик — устувор вазифа
Айдар–Арнасой кўллар тизимида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, сув транспортидан хавф-хатарсиз фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда эҳтимолий бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом этмоқда.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси ташаббуси билан Фориш тумани ҳудудида жойлашган Айдар–Арнасой кўллар тизимида балиқчилар иштирокида навбатдаги назорат-профилактик тадбир ташкил этилди. Унда мутасадди идоралар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишиб, сув ҳавзаларида хавфсизлик талабларига сўзсиз амал қилишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишди.

Тадбир давомида иштирокчиларга кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш тартиби атрофлича тушунтирилди. Хусусан, ҳар бир шахс қутқарув нимчасидан мажбурий тарзда фойдаланиши, кемалар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши, уларни фақат тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар бошқариши шартлиги таъкидланди. Шунингдек, маст ҳолатда кема бошқариш инсон ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши боис бундай ҳаракатларга мутлақо йўл қўйилмаслиги юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Мутасаддилар томонидан хавфсизлик талабларини бузиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилиб, сув ҳавзаларида эҳтиёткорлик, шахсий масъулият ва белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани қайд этилди.

Мамлакатимизда сув объектларида хавфсизликни таъминлаш, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ва фуқаролар ҳаётини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган ҳуқуқий асослар босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4-сентябрда қабул қилинган 540-сонли қарори соҳада мутлақо янги талабларни белгилаб берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ сув транспорти воситаларидан хавфсиз фойдаланиш, уларни замонавий назорат воситалари билан жиҳозлаш ҳамда профилактик назорат тадбирларини кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айдар–Арнасой кўллар тизимида ўтказилаётган бундай профилактик тадбирлар ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш, сув ҳавзаларида ҳуқуқбузарликлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда. Зеро, сувда хавфсизлик қоидаларига оғишмай амал қилиш ҳар қандай бахтсиз ҳодисанинг олдини олишнинг энг самарали кафолатидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири