Хоразмда халқлар дўстлиги кунлари давом этмоқда
"30 июль – Халқлар дўстлиги куни" муносабати билан "Дўстлик" ҳафталиги доирасида Урганч тумани Комилжон Отаниёзов маҳалласи ҳамда Тупроққалъа туманининг Саримой маҳаллаларида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирларда Хоразм вилояти ҳокимлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг вилоят бўлинмаси, "Маърифат" тарғиботчилар жамияти ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастур давомида “Уч авлод учрашуви”, “Соғлом тан – соғлом тафаккур” шиори остида спорт мусобақалари ҳамда “Дўстлик оҳанглари” номли концерт дастури ташкил этилди.

– Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия намояндалари дўстлик ва тотувлик муҳитида аҳил-иноқ яшаб келмоқда, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг вилоят бўлинмаси раҳбари Камолбек Жуманиёзов. – Улар орасида тинчлик, бирдамлик ва бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам қарор топган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ушбу сана миллатлараро муносабатларга берилаётган юксак эътибор рамзи сифатида анъанавий байрам тарзида кенг нишонланмоқда.


Мазкур тадбирлар халқимиз орасида ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва умумий Ватанга садоқат ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири