Дилдорахон Худойназарова: туризм мен учун — бу ватанпарварлик (+видео)
Туризмни шунчаки бизнес ёки хизмат кўрсатиш соҳаси сифатида эмас, балки ватанни дунёга танитишнинг энг самарали йўли деб билган инсонлар бор. Ана шундай фидойи мутахассислардан бири — Дилдорахон Худойназарова.
Дилдорахон менежмент соҳасида таҳсил олгандан сўнг ўз меҳнат фаолиятини Андижондаги автомобиль заводида халқаро алоқалар бўлимида бошлаган. Корхонага ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонлар билан ишлаш, уларга Ўзбекистон ҳақида сўзлаб бериш, миллий қадриятлар ва маданиятни таништириш жараёнида унда туризм соҳасига бўлган қизиқиш пайдо бўлади. Бу қизиқиш қисқа вақт ичида аниқ мақсадга айланиб, у ўз фаолият йўналишини тубдан ўзгартиришга қарор қилади.
Фаолиятининг дастлабки босқичларида Дилдорахон асосан ўзбекистонлик фуқароларнинг хорижий давлатларга саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб борди. Вақт ўтиши билан эса у туризмнинг яна бир муҳим жиҳати — хорижлик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш, айниқса Фарғона водийсининг бой тарихий, маданий ва табиий салоҳиятини дунёга кўрсатиш ғоясига эътибор қаратди.
Бугунги кунда у айнан Фарғона водийсига туристлар оқимини ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар ва ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиб, минтақа туризм салоҳиятини глобал майдонда тарғиб қилишга ҳисса қўшмоқда. Бу ҳаракатлар ўз самарасини ҳам бермоқда: 2025 йил давомида у 37 хил миллат вакилларидан иборат хорижлик туристлар гуруҳини қабул қилишга муваффақ бўлди.
Дилдорахон Худойназарова учун туризм — бу фақат касб эмас. Бу Ватанга бўлган муҳаббатни амалий ишлар орқали намоён этиш, Ўзбекистонни, унинг гўзал Фарғона водийсини дунё харитасида янада ёрқинроқ кўрсатиш демакдир. Шу боис у ўз фаолиятини “ватанпарварликнинг бир кўриниши” деб билади ва бу йўлда изчил ҳаракатни давом эттирмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jcQpsfrkbZ8" title="Dildoraxon Xudoynazarova: turizm men uchun — bu vatanparvarlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА