“Orient Silk Road Express” сайёҳлик поезди Тошкентдан йўлга чиқди
Тошкент шаҳридан жорий йилнинг илк “Orient Silk Road Express” сайёҳлик поезди тантанали равишда йўлга чиқди. Ушбу ноёб поезд “ғилдиракдаги меҳмонхона” сифатида эътироф этилиб, 2026 йилги темирйўл туризми мавсумига расман старт берди.
Мазкур саёҳатда жаҳоннинг турли бурчакларидан келган 82 нафар сайёҳ иштирок этмоқда. Улар Германия, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Швейцария, Австрия, Австралия, Канада, Люксембург, Сингапур ва Испания давлатларидан ташриф буюрган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги нуфузи ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Сайёҳлар учун тайёрланган дастур жуда бой ва мазмунли бўлиб, улар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюради. Саёҳат давомида меҳмонлар нафақат тарихий обидаларни томоша қилади, балки мамлакатнинг бой маданий мероси, анъаналари ва миллий қадриятлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.

Поезддаги шароитлар юқори даражада ташкил этилган бўлиб, замонавий қулайликлар билан жиҳозланган. Саёҳатчилар учун шинам купелар, юқори сифатли хизмат кўрсатиш, миллий ва халқаро таомлардан иборат меню тақдим этилади. Шу боис ушбу поезд “ғилдиракдаги меҳмонхона” сифатида таърифланади.
Маршрут афсонавий Буюк Ипак йўли бўйлаб ташкил этилган бўлиб, у тўртта давлатни ўзаро боғлайди ва сайёҳларга унутилмас таассуротлар улашади. Тур дастури Ўзбекистон ҳудудида 9 кунлик саёҳатни ўз ичига олади.

Ушбу рейс 2026 йил учун режалаштирилган 12 та сайёҳлик поезд қатновининг биринчиси ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай лойиҳалар мамлакат туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Поезд жўнатилиши тантанали руҳда ўтказилди. Меҳмонлар учун миллий таомлар тортиқ этилди, мусиқа ва маданий дастурлар намойиш этилди. Шу тариқа, меҳмонларга ўзбекона меҳмондўстликнинг ёрқин намунаси кўрсатилди.


“Orient Silk Road Express” каби лойиҳалар нафақат туризмни ривожлантиради, балки мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА