Чигит экишга киришилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида 2026 йил ҳосили учун чигит экиш ишларини тизимли ва самарали ташкил этишга қаратилган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. “Боёвут” СИУ ҳудудидаги “Боёвут алангаси” фермер хўжалигининг 15 гектар дала майдонида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Олимжон Жўраев, туман прокурори Дилшод Сангиров ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилда туманда 8 минг гектардан ортиқ майдонда қарийб 35 минг тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш ва уларни ортиғи билан бажариш мақсадида майдонларга ҳосилдорлиги юқори бўлган хорижий пахта навларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чигит экиш мавсумини қисқа муддатларда, сифатли ва уюшқоқлик билан ўтказиш учун 37 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари шакллантирилди. Ушбу отрядларга ҳудуд раҳбарлари раҳбарлик қилади, Бу отрядлар таркибига ер тузувчи муҳандислар, агроинспекция ходимлари, уруғлик чигит етказиб берувчи ва минерал ўғит тарқатувчи ташкилотлар вакиллари киритилган. Бу барча жараёнларни мувофиқлаштириш ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.

Семинар давомида дала ишларини илғор агротехник талаблар асосида ташкил этиш масалалари амалий жиҳатдан намойиш этилди. Хусусан, ерни экишга тайёрлаш, пушта олиш, намликни сақлаб қолган ҳолда замонавий Хитой қишлоқ хўжалиги техникаси ёрдамида чигит экиш усуллари кўрсатилди. Шунингдек, ёғингарчиликдан кейин майдонларда ҳосил бўлган табиий намликдан оқилона фойдаланиш орқали уруғнинг униб чиқиш даражасини ошириш борасида аниқ тавсиялар берилди.
Тадбир давомида миллий қадриятларимизга хос тарзда юртимиз тинчлиги, барака ва мўл ҳосил учун дуолар қилинди. Бу деҳқончилик анъаналарида маънавий омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Мутахассислар томонидан агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, минерал ўғитлардан тўғри фойдаланиш, сув ресурсларини тежамкорлик билан сарфлаш каби масалалар юзасидан амалий кўрсатмалар берилди. Таъкидланишича, мазкур тавсияларга қатъий риоя қилиш ҳосилдорликни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

– Бугунги кўргазмали семинар фермерлар учун жуда фойдали ва амалий аҳамиятга эга бўлди. Чигит экиш жараёнини илғор агротехник талаблар асосида ташкил этиш, ерни тўғри тайёрлаш ва намликни сақлаш бўйича берилган тавсиялар ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, замонавий техникадан самарали фойдаланиш ва ишларни қисқа муддатларда сифатли бажариш бўйича берилган кўрсатмалар биз учун катта тажриба бўлди, – дейди “Жасур Сардор файзи” фермер хўжалиги раҳбари Сардор Шуҳратов. Шунингдек, фермер хўжалик тасарруфида 150 гектар ер майдони борлигини, унда пахта ва ғалла етиштирилишини таъкидлади. Олиб борилаётган агротехник тадбирлар ва мутахассислар маслаҳатлари натижасида сўнгги уч йил давомида 865 тонна пахта ва 833 тоннага яқин ғалла ҳосили етиштирилган, пахта ҳосилдорлиги гектарига 45–50 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги эса гектарига 75–80 центнерга етказилган.
– Бу йилги мавсумдан умидимиз катта. Насиб қилса, олдимизга қўйган режаларни нафақат пахта, балки ғалла бўйича ҳам ортиғи билан бажарамиз, – деди фермер.
Кўргазмали семинар якунида пахта экиш ишларини барча ҳудудларда намунали ташкил этиш, ҳар бир гектар ердан юқори ҳосил олиш учун мустаҳкам замин яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА