Бухорода туризм янги босқичга чиқмоқда
Аҳолининг муқим даромад манбаига эга бўлишида туризм соҳасининг ҳам ҳиссаси бор. Айни пайтда Бухоро вилоятида 96 та янги жойлаштириш воситаси ташкил этилди. Улар орасида 21 та меҳмонхона, 22 та хостел, 44 та оилавий меҳмон уйи, 3 та квартира, 1 та ётоқхона, 1 та санатория ҳамда 60 та ўтов фаолияти йўлга қўйилди. Натижада жойлаштириш воситаларининг умумий сони 691 тага етди.
Шунингдек, 37 та янги туроператор ва турагент фаолияти иш бошлаши натижасида уларнинг сони 223 тага етказилди.
Ўтган йил якунларига кўра, Бухорога 2 миллион 701,8 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти ҳажми 736,9 миллион АҚШ долларига етказилди. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан 4 миллион 783,5 минг нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида Бухорога ташриф буюрди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида эса Бухородан республика ҳудудларига 2 миллион 606 минг нафар маҳаллий аҳоли, корхона ва ташкилот ишчи-ходимларининг саёҳатлари тизимли равишда ташкил этилди.
– 2026 йилда олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Тўхсанов. – Хориждан келаётган туристлар оқимини 3,5 миллион нафарга, республикадан келаётган сайёҳлар сонини 5,5 миллион нафарга етказиб, жами 9 миллион нафар сайёҳни вилоятга жалб қилишни режалаштирганмиз. Бу мақсадларга эришиш учун тарғибот ишлари, инфратузилмани ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш ишлари тизимли олиб борилмоқда. 2025 йилда 20 дан ортиқ хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро фестиваль ва ярмаркаларда Бухоро вилоятининг туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинди. Бунинг натижасида сайёҳлар оқими йилдан- йилга ортиб бормоқда.
Айни вақтда вилоятда маданий туризм, зиёрат туризми ва экотуризм йўналишлари билан бирга чекка ҳудудларда янги туризм локациялари ташкил этилмоқда. Бу орқали туристларнинг вилоятда қолиш муддатини узайтириш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва маҳаллий аҳолининг даромад манбаини ошириш мақсад қилинган.
[gallery-27827]
Шу билан бирга, вилоятдаги қулай инвестициявий муҳит хорижий инвесторларни жалб этишга хизмат қилмоқда. Улар маблағлари асосида янги меҳмонхона ва умумий овқатланиш масканлари ишга туширилиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда. 2025 йил декабрь ойида иш бошлаган “Ramada Encore by Wyndham Bukhara” уч юлдузли меҳмонхона ҳам шулар жумласидандир.
– Дунёда бетакрор қиёфага эга Бухоро шаҳрида иш бошлаганимиздан жуда мамнунмиз, – дейди меҳмонхона бош менежери Севинч Калён. — Меҳмонхонамиз 112 та хона ва 224 ўринли бўлиб, қисқа вақт ичида меҳмонлар билан гавжумлашди, олдиндан буюртмалар қилинмоқда. Бухорода бренд ва тармоқ меҳмонхоналар йўналиши ҳали тўлиқ шаклланмагани учун айнан шу шаҳарни танладик. Биз Бухоронинг тарихий муҳитини замонавий хизматлар билан уйғунлаштириб, сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилдик.
Бухоро бугун нафақат тарихий мероси, балки халқаро туризм салоҳияти билан ҳам жаҳон эътиборида. Вилоят вакиллари Туркия, Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Хитой, Испания, Франция, Италия, Польша, АҚШ ва қатор МДҲ давлатларида бўлиб ўтган халқаро ярмарка ва кўргазмаларда фаол иштирок этдилар. Ушбу майдонларда Бухоронинг туристик имкониятлари кенг тарғиб қилиниб, халқаро туристик алмашинувни кенгайтиришга мустаҳкам замин яратилди.
Хусусан, 70 кун давом этган Бухоро биринчи Халқаро замонавий санъат биенналеси шаҳарнинг халқаро маданий нуфузини янада оширди. 3,5 гектар майдонда ташкил этилган биеннале доирасида 14 та тарихий объект реставрация қилинди, 70 та арт-объект ва инсталляция яратилди, 40 та мамлакатдан 65 нафардан ортиқ машҳур рассом ва ижодкорлар иштирок этди.
– Мен Бухорога келганимдан жуда хурсандман, –дейди япониялик сайёҳ Кожи Ишихама. –Бу ерга келишдан олдин Самарқанд ва Хивани ҳам саёҳат қилдик. Барча шаҳарлар бир-биридан гўзал. Қадим бинолар сақлаб қолинган. Бу албатта, халқингиз бойлигидир. Одамлари жуда-жуда меҳрибон, чеҳралари доимо кулиб туради, ёрдам беришга тайёр.
–Мен сиз билан суҳбатлашаётганимдан мамнунман, –дейди япониялик сайёҳ Юко Фужимото. –Ўзбекистон ҳозир Японияда жуда машҳур, шунинг учун ҳам мен бу ерга келишни орзу қилганман. Орзуйим ушалганидан бахтиёрман. Барча япон халқи, айниқса, Ўзбекистон таомларини яхши кўради. Бу ҳудуддаги барча бинолар гўзал, бир-биридан бетакрор. Мен бу мамлакат ва минтақани чиндан ҳам севиб қолдим. Японияга қайтганимдан сўнг барча дўстларим ва танишларимга Ўзбекистонга, Бухорога саёҳатга боришни тавсия қиламан.
Бухоро тарих ва замонавийлик уйғунлашган маданий макон сифатида танилмоқда.
Қиш фасли, совуқ ҳаво ва ёғингарчиликка қарамай, Бухородан сайёҳлар оқими узилмаяпти. Чунки бугун халқаро туризм харитасида Бухоронинг мустаҳкам ўрни бор. Маданий тадбирлар, халқаро алоқалар ва инфратузилманинг ривожи шаҳарни нафақат тарихни ҳис қилиш, балки замонавий таассуротлар олиш мумкин бўлган манзилга айлантирмоқда.
–Мен электр муҳандисиман ва сўнгги 45 йилдан буён Саудия Арабистонида ишлайман, –дейди ҳиндистонлик сайёҳ Муҳаммад Сеедуддин. –Шу сафаримда хотиним, доктор Фатима билан бирга Бухорога келдик. Сўнгги уч-тўрт кун давомида биз Тошкент ва Хивани ҳам зиёрат қилдик ва ҳозир Бухородамиз. Биз Ўзбекистон тарихини ва маданий меросини ўз кўзимиз билан кўришдан жуда мамнунмиз. Бухородаги тарихий ёдгорликлар, масалан, мадрасалар, масжидлар ва бошқа қадимий бинолар, ўзининг ноёб архитектураси ва безаклари билан ажралиб туради. Шу ерда яшаб ўтган олимлар, ҳукмдорлар ва ижодкорларнинг мероси бугунги кунда ҳам қадрланади. Бу тарихий обидаларни томоша қилиш орқали шаҳар ва мамлакатнинг бой маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Биз Ўзбекистонга саёҳатимиздан ҳамда бу ернинг тарихи ҳамда маданий мероси ҳақида янада кўпроқ билиш имкони бўлганидан жуда ҳам хурсандмиз.
–Биз Моҳи Хосса саройи ҳақида аввалдан маълумотга эга эдик ва у Бухоро шаҳридаги энг машҳур тарихий обидалардан бири сифатида танилганини билардик, –дейди малайзиялик сайёҳ Вернон. –Шу сабабли ушбу масканга келишга қарор қилдик. Бизнинг асосий мақсадимиз саройни яқиндан кўздан кечириш, унинг тарихий ва меъморий хусусиятларини диққат билан ўрганиш, шунингдек, бу ер орқали Бухорони бошқа бир ракурсдан томоша қилишдир. Саройнинг ноёб архитектураси, қадимий безаклари ва бой тарихи бизни ҳайратга солди. Шу ерда вақтни ҳис қилмай, ўтмиш билан замоннинг уйғунлашганлигини сезиш мумкин. Саройнинг ички ҳовузлари, безакли хона ва заллари бизни ўзининг бетакрор гўзаллиги билан ҳайратга солади, бу ерга келган ҳар бир инсон учун алоҳида таассурот қолдиради. Шу боис, биз бу ерни ўзимиз учун нафақат тарихий тажриба, балки Бухоро шаҳри ва унинг маданий меросини янада яқинроқ англаш имконияти сифатида баҳолаймиз.
Зиёрат туризми ҳам Бухоронинг алоҳида бренди ҳисобланади. Қадим воҳадаги масжидлар, мадрасалар ва Етти пир зиёратгоҳлари инсон қалбига ором бахш этадиган маънавий масканлардир. Босқичма-босқич зиёрат саёҳатлари Бухорони бошқа туризм йўналишларидан ажратиб турадиган ўзига хос жиҳат ҳисобланади.
Бундан ташқари, вилоятда “Туризм қишлоғи” лойиҳалари доирасида 9 та туман ва шаҳардаги 11 та ҳудудда аниқ “Йўл хариталари” асосида ишлар бошланди. Ҳар бир хонадон сайёҳлар учун очиқ бўлиб, қишлоқларнинг туристик хариталари ишлаб чиқилди. Эко-агротуризм йўналишида 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 51,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
2025 йилда Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлинмаси ташкил этилиб, гид-экскурсоводлар учун тажриба алмашиш, малака ошириш ва “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш майдонига айланди.
Хулоса қилиб айтганда, Бухоро ҳар фаслда сайёҳларни ўзига жалб қиладиган, муҳити сокин, маънавий руҳи юксак, тарих ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор шаҳардир. Бу ерда саёҳат шунчаки дам олиш эмас, балки вақт орқали саёҳат, қалбни ҳис этиш, маданият билан юзма-юз келиш демакдир. Бухорога сафар инсон ҳаётида унутилмас таассуротлар қолдиради.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари