Бугунги дунёда биродар шаҳарлар алоқаси нима учун муҳим?
Ёхуд дўстона алоқалар ўрнатилишига сабаб бўлган дастурхон
Бугун дунё тез ўзгаряпти, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ҳам янги мазмун касб этмоқда. Энди фақат расмий келишувлар эмас, балки шаҳарлар, ҳудудлар ва оддий инсонлар ўртасидаги алоқалар ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Айниқса, турли халқларни яқинлаштирадиган, ўзаро ишонч ва англашувни мустаҳкамлайдиган шаҳарлар дипломатияси бугунги кунда муҳим воситага айланди.
Ана шу жараёнларда “Биродар шаҳарлар альянси” қандай ўрин тутади, унинг асосий мақсади нималардан иборат ва бу ҳамкорлик оддий одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?
Шу ва бошқа саволлар билан Биродар шаҳарлар альянси раиси Зокир Абидов билан суҳбатлашдик.
—2025 йил 7 май куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатдан ўтказилган Биродар шаҳарлар альянси нодавлат нотижорат ташкилотининг пайдо бўлиши Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлди, —дейди Зокир Абидов. - Альянснинг асосий мақсади Ўзбекистон шаҳарлари ва хорижий давлатлар шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш, ўзаро дўстлик ва мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.
—Биродар шаҳарлар ғояси замонавий тушунча эмас, балки у олис тарихдан мерос бўлиб келаётган ҳамкорлик маданияти эканини қандай далиллар билан асослаш мумкин?

—Аслида “Биродар шаҳарлар” феномени олис тарихга бориб тақалади. Шаҳарлар аҳолиси ўртасида маданий, ижтимоий ва савдо алоқаларини ривожлантириш мақсадида биродарлик муносабатлари ўрнатилган. Замонавий даврда эса мазкур тушунча илк бор Иккинчи жаҳон уруши йилларида тилга олинган. Уруш оқибатида катта талафот кўрган Сталинград шаҳри аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида Буюк Британиянинг Ковентри шаҳри фуқаролари томонидан моддий ёрдам ва совғалар юборилган.
Айниқса, қўл меҳнати билан тайёрланган, “Катта афсусдан кўра, кичик ёрдам афзал” деган маънони ифода этувчи кашта билан безатилган дастурхон икки шаҳар ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилишига сабаб бўлди. Ана шу тарихий воқеа кейинчалик шаҳарлар ўртасидаги биродарлик муносабатларига асос солган рамзий қадам сифатида эътироф этила бошланди.
—Тошкент ва Скопье ўртасидаги ўзаро ёрдам биродар шаҳарлар алоқасига қандай замин яратди?
—1963 йил Скопье шаҳрида кучли зилзила юз берганида бутун дунё, жумладан Ўзбекистон ҳам жабрланганларга ёрдам қўлини чўзади. Орадан уч йил ўтиб, 1966 йил 26 апрелда Тошкентда рўй берган зилзиладан сўнг эса Македония халқи ўз навбатида юртимизга амалий ёрдам кўрсатиб, инсонпарварлик ва бирдамлик намунасини намоён этади. Ана шу ўзаро ёрдам ва ишонч асосида 1967 йилда Тошкент ва Скопье шаҳарлари расман “биродар шаҳарлар” деб эълон қилинди.
Бу ҳамкорлик Ўзбекистон тарихидаги илк биродар шаҳарлар алоқаси сифатида муҳрланиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзига айланди. Шундан сўнг ушбу шаҳарлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, янги босқичга кўтарилди.
—Биродар шаҳарлар ҳамкорлигини амалий лойиҳалар билан бойитиш учун нималар зарур?
—Айни пайтда Ўзбекистон шаҳар ва ҳудудлари дунёнинг 80 га яқин давлатлари шаҳарлари билан биродарлик муносабатларини ўрнатган. Альянснинг асосий вазифаси эса ушбу ҳамкорлик алоқалари шунчаки қоғозда қолиб кетмасдан, уларнинг амалий мазмун билан бойитилишини таъминлашдан иборат.
Хусусан, мавжуд биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш, иқтисодий, маданий ва ижтимоий йўналишларда аниқ лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, янги биродар шаҳарлар муносабатларини йўлга қўйиш масалаларига ташкилот томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
—Янги биродар шаҳарлар муносабатларини йўлга қўйишда қайси ҳудудлар ёки давлатлар устувор ҳисобланади?
—Бугунги кунда Ўзбекистоннинг қатор шаҳарлари халқаро майдонда фаол ва ишончли ҳамкор сифатида кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари 1973 йилда йўлга қўйилган бўлиб, ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий, савдо, маданий ва гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорлик изчил ривожланиб келмоқда.
Айниқса, 2023 йилда мазкур биродарлик алоқаларининг 50 йиллиги муносабати билан “Сиэтл–Тошкент биродар шаҳарлар ассоциацияси” делегациясининг Тошкентга амалга оширган ташрифи доирасида қатор мазмунли учрашувлар ва маданий тадбирлар ташкил этилгани ушбу ҳамкорликнинг юксак даражасини яққол намоён этди.
Шу билан бирга, Тошкент–Шанхай, Бухоро–Бонн, Тошкент–Берлин, Самарқанд–Юрмала, Термиз–Дабаш, Хива–Версаль каби биродар шаҳарлар ўртасидаги алоқалар ҳам бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб, ўзаро ишонч, тажриба алмашуви ва қўшма ташаббусларга асосланган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу каби муносабатлар Ўзбекистон шаҳарларининг халқаро нуфузини ошириш билан бир қаторда маданий мулоқотни кенгайтириш ҳамда барқарор тараққиётга ҳам хизмат қилмоқда.
—Биродар шаҳарлар альянси қисқа вақтда қандай халқаро натижаларга эришди?
—Ташкил топганига ҳали кўп бўлмасдан, Биродар шаҳарлар альянси мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлари билан бирга халқаро майдонда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида ташкилотимиз томонидан 20 дан ортиқ англашув меморандумлари, жумладан 4 та хорижий ташкилотлар билан имзоланди. Ҳамкор ташкилотлар билан 18 та давра суҳбати, 5 та ижодий кеча, 15 та хориждаги ватандошлар билан офлайн ва онлайн учрашувлар, 4 та концерт, 7 та ҳалқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштирилди. Шу билан бирга, 10га яқин халқаро анжуманлар ўтказилди.
Жумладан, 2025 йил июль ойида Хитой Халқ Республикасининг Шэньян шаҳрида бўлиб ўтган “Халқ дипломатияси ва биродарлашган шаҳарлар форуми”да Альянснинг иштироки Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги салоҳиятини намоён этди.
Форум доирасида Хитойнинг Сичуань провинцияси ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари дўстлик жамиятлари билан англашув меморандумлари имзоланди.
Жорий йилнинг октябрь ойида эса Хитойнинг яна бир саноат ва инновациялар шаҳри Иу билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга эришилди.
—2026 йилнинг май ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган форумда Биродар шаҳарлар альянси қандай ташаббуслар билан иштирок этиши режалаштирилган?
— 2025 йилнинг ноябрь ойида Озарбайжондабўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг бирдамлик форумида Биродар шаҳарлар альянси ҳам фаол иштирок этди.
Форум доирасида туркий давлатлар ННТлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш, маданий, ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларни жамоатчилик фаолиятига кенг жалб этиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Мазкур тадбир Жаҳон барқарор шаҳарсозлик 13-форуми (WUF13) арафасида ўтказилиши билан туркий давлатлар учун тарихий аҳамият касб этди. 2026 йилнинг 19–24 май кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган 13-форумда юқори даражадаги вакилларнинг иштироки таъминланади.
Бу эса форумга ўзига хос мазмун ва нуфуз бағишлаб, уни шаҳарсозлик ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича энг муҳим халқаро мулоқот майдонига айлантиради. Энг муҳими, ушбу форум туркий дунёнинг глобал шаҳарлар кун тартибида илк бор фаол, мустақил ва тизимли иштирокини таъминлаб, янги тарихий саҳифа очадиган ғоят муҳим қадам сифатида эътироф этилади.
—Альянс фаолияти Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини қандай ифода этмоқда?
— Биродар шаҳарлар альянси Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг халқчил, амалий ва барқарор ифодасидир. У шаҳарлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаб, халқлар ўртасидаги тинчлик, ўзаро ҳурмат ва барқарор тараққиётга хизмат қилади. Шаҳарлар ўртасидаги дўстлик фақат ҳамкорлик эмас, балки келажак авлодлар учун ишончли тараққиёт пойдеворидир. Ўзбекистон эса бу йўлда изчил ва қатъий қадам ташламоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА.