Бош режаси йўқ деган баҳона билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган
Ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан бюджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилди. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилди.
Бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқлиги танқид қилинди.
Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий бюджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА