Болалар онасига қайтарилди
Мажбурий ижро бюросининг Урганч туман бўлими давлат ижрочилари томонидан навбатдаги инсоний ва масъулиятли ижро ҳужжати таъминланиб, она ва фарзандлар ўртасидаги айрилиққа чек қўйилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро варақасига асосан жавобгар А.М.нинг тарбиясида бўлган вояга етмаган икки нафар фарзандини онаси Ю.З.нинг тарбиясига олиб бериш белгиланган.
Суд қароридан норози бўлган қарздор ота давлат ижрочиси томонидан болаларни онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлса-да, фарзандларини топширишни истамай, уларни одамлар кўзидан йироқ жойларга яшириб қўйди.

Бироқ бошқарманинг қидирув ходимлари бўлим давлат ижрочиси У.Бекчанов билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор қидирув ва ижро ҳаракатлари натижасида жавобгар А.М. томонидан қишлоқдаги яқин қариндошининг уйига яширилган 10 ёшдаги қизалоқ ва чекка ҳудуддаги чорва фермасида сақланаётган 7 ёшли бола топилиб, ўз онасининг бағрига қайтарилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири